ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

ЭҲФ – ҳам хавфсиз, ҳам тезкор, ҳам самарали

ЭҲФ – ҳам хавфсиз, ҳам тезкор, ҳам самарали

Мамлакатимиз солиқ тизимида замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланилаётганлиги тадбиркорлик субъектларига кўплаб қулайлик ва имкониятлар тақдим этаётир.

Хусусан, ҳисобварақ-фактуралар, ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва бошқа ҳужжатларни электрон тарзда шакллантириш имконияти шулар жумласидандир. Ҳозирги пайтда юртимизда 17 та электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) оператори хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатяпти.

Сирдарё вилоятида жорий йил 21 май ҳолатига рўйхатдан ўтган ва солиқ тўлаш мажбуриятига эга 12 мингдан ортиқ корхонадан 6 минг 216 таси электрон ҳисоб-фактуралардан фойдаланган бўлиб, умумий корхоналарнинг 51,8 фоизини ташкил этади.

Электрон ҳисоб фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланмаган 5 минг 791 та корхонага солиқ органларидан малакали ходимлар бириктирилган бўлиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Келгусида мазкур корхоналарнинг ҳам тўлиқ электрон ҳисобварақ фактураларидан фойдаланишини йўлга қўйиш ҳозирда долзарб вазифалардандир.

– Электрон ҳисобварақ-фактураларидан фойдаланиш, айниқса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари орасида оммалашиб бормоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр Кенжаев. – Фаолият юритаётган 3 минг 165 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг 2 минг 468 таси ёки 78 фоизи электрон ҳисобварақ-фактураларидан фойдаланмоқда. Бу эса ҳужжат айланишининг тезкорлигини, солиқ ҳисоботларини ўз вақтида юборилишини таъминлашга хизмат қилаётир.

Биргина “Малик шаробсавдо” масъулияти чекланган жамияти аъзолари томонидан 2019 йилда 755 та ЭҲФдан фойдаланган ҳолда 31 миллиард 20 миллион сўмлик ҳужжатлар алмашилган.

– Жорий йилнинг 1 май ҳолатига корхонамиз 245 та ЭҲФдан фойдаланиб 16 миллиард 160 миллион сўмлик ҳисоб-китобларни амалга оширди, – дейди “Малик шаробсавдо” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Бахтиёр Ҳакимов. – Мазкур тизимнинг солиқ тўловчиларга афзалликлари жуда кўп. Хусусан электрон ҳисоб-фактуралар бизнес ҳамкорлар ва солиқ идоралари билан шаффоф сиёсатни олиб боришга хизмат қилади. ҚҚС занжири узилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса қўшимча солиқ ҳисобланишнинг энг кўп тарқалган сабаблари бўлиб, хато ва камчиликлардан максимал ҳимоя қилади.

Бугунги кунда вилоятда 6 минг 200 дан зиёд юридик шахс ва 690 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ)лар ҳисоб-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланмоқда.

Ҳозирда 6 минг 910 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан расмийлаштирилган ЭҲФларнинг умумий сони 84 минг 751 тани ташкил этади. Яна бир муҳим жиҳати, ҳужжатлар ЭҲФ операторлари орқали расмийлаштирилган барча электрон ҳужжатлар операторларнинг маълумотлар базасида камида 5 йил, шунингдек, ЭҲФни марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилиши учун масъул роуминг операторида 10 йил давомида хавфсиз сақланади.

Зеро, солиқ тизимида замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиб солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, уларга яқин ва ишончли кўмакчи бўлиш давлат солиқ хизмати органи ходимларининг устувор вазифаси ҳисобланади.

1 467
А.ҚАЮМОВ, ЎзА