ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Дунёни эгаллаган муаммони енгишда якдиллик зарур

Дунёни эгаллаган муаммони енгишда якдиллик зарур

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқида дунёни эгаллаган глобал муаммолар тилга олиниши билан бирга уларнинг ечимлари кўрсатиб берилди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президентининг чиқиши нафақат юртимиз, балки дунё жамоатчилиги эътиборини тортди.

Сир эмаски, жаҳон бўйлаб пандемия билан боғлиқ муаммолар ҳамон долзарб бўлиб турибди. Ҳақиқатан ҳам давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади”.

Мана шу фикрларнинг ўзидаёқ муаммога эътибор қаратилиши билан бирга мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигига яққол ишора ва чорлов бор. Чиндан ҳам дунёни эгаллаган муаммони ўзаро ҳамкорликсиз, якдилликсиз енгиб бўлмайди.

Бундан мақсад - ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш эканига алоҳида урғу берилгани нутқни эшитган миллионлаб кишиларга катта умид берди. Чунки карантин қоидалари юмшатилганига қарамай ҳали аҳволи яхшиланмаётган оилалар, иқтисодини йўлга қўя олмаётган кичик бизнес субъектлари йўқ эмас.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани эътиборга лойиқ бўлди. Бу юқорида қайд этганимиздек, ўзаро ҳамкорлик, якдилликка йўл очувчи муҳим ҳужжат бўлиши шубҳасиз.

Маърузада иқтисодий масалалар, хусусан, камбағалликни камайтириш бўйича юртимизда олиб борилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бу жараёнда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришилаётгани алоҳида урғу берилди.

Дарҳақиқат, тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу тармоқ иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутмоқда. Соҳа вакилларига пандемия шароитида имтиёзлар берилгани уларнинг бир маромда фаолият олиб боришига кўмаклашди. Ўз навбатида, тадбиркорлар ҳам бундай шароитда аҳолини қўллаб-қувватлашга, айниқса кам таъминланган оилаларни “Саховат ва кўмак” акциясида оталиққа олди. Бу оғир вазиятда халқимизга кўрсатилган катта мадад бўлди, десак хато бўлмайди.

Пандемия дунё бўйлаб ўрта ҳол одамларнинг аҳволини оғирлаштириб, уларни қашшоқликка туширгани сир эмас. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этди.

Бу таклиф глобал миқёсга эга бўлгани учун ҳам қўллаб-қувватлананишига шубҳа йўқ.

Умуман айтганда, БМТ минбари орқали янграган Президентимизнинг долзарб фикрларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида бутун халқимиз камарбаста бўлиши зарур, деб ўйлайман.

Сардор Раҳмонов,
Тадбиркор, Халқ депутатлари 
Наманган вилояти кенгаши депутати.

2 066
ЎзА