ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Дунёга машҳур компания директори Навоий вилояти ҳокими билан учрашди

Дунёга машҳур компания директори Навоий вилояти ҳокими билан учрашди

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов "DT World" ҳамда" DP World" компаниялари ижрочи директори Маҳмуд ал Бастаки бошчилигидаги Бирлашган Араб Амирлигининг делегация вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Дарҳақиқат, Бирлашган Араб Амирлигининг "DP World" компанияси 1974 йилда ташкил этилган бўлиб, глобал савдо-сотиқ ва юк ташиш хизмати бўйича жаҳондаги энг йирик ҳамда етакчи компания ҳисобланади.

"DP World" бу соҳада кўплаб корхона ва ташкилотларни бевосита бошқаради, жумладан, денгиз ва ички терминаллардан тортиб, денгиз хизматлари, логистика, қўшимча хизмат турлари ва савдони амалга ошириш учун керакли технологик чора-тадбирларгача таъминлайди.
Мазкур компания 40 та хорижий давлатда жойлашган 150 та портда фаолият олиб боради. Шунингдек, 120 давлатда 50 минг нафар ишчига эга. Компания ҳар йили 70 минг та кемага хизмат кўрсатади ва бир кунда 190 000 та контейнер ташувларини амалга оширади.

4.jpg

2018 йилдаги савдо айланмаси 71,4 миллиард долларга тенг бўлиб, компания даромади 5,6 миллиард долларни ташкил қилган.

– Мен Ўзбекистон замини ва айнан Ғарб ва Шарқ мамлакатларини боғлайдиган кўприк вазифасини ўтаётган, айтиш жоиз бўлса, қуруқлик транспорт порти учун жуда қулай ҳудуд Навоий вилоятига ташриф буюрганимдан жуда ҳам мамнунман, – дейди Маҳмуд ал Бастки. – Бугунги кунга қадар дунёнинг бир қатор давлатларида амалга оширган логистика йўналишидаги ишларимиздан орттирган тажрибамизни Навоийда ҳам қўлламоқчимиз. Ишонаманки, бошланажак ҳамкорлигимиз келгусида ўзининг ижобий самарасини беради.

4 142
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА