ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Дунёдаги глобал иқтисодий ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай ва қанақа муҳим чоралар кўриш лозим?

Дунёдаги глобал иқтисодий ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай ва қанақа муҳим чоралар кўриш лозим?

Айни пайтда Хитой коронавируси нафақат инсоният ҳаётига, балки айрим давлатлар ва умуман дунё иқтисодиётига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Мазкур эпидемия Хитой ва бошқа давлатлар ўртасидаги савдо ва саноат занжирининг бузилишига олиб келди. Инвесторларнинг ваҳима сабабли акцияларини сотиб юбориши оқибатида дунё бўйлаб етакчи бўлган биржаларда юзага келган инқирозни экспертлар охирги 10 йилликда кузатилмаган, деб баҳолашмоқда.

Мазкур вазият оддий “информацион паника” эмас, балки жаҳон иқтисодиётига жиддий таҳдид эканини дунёдаги етакчи молиявий институтлар, халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар амалга ошираётган ҳаракатлардан ҳам кузатиш мумкин.

Жумладан, АҚШ Федерал Резерв Тизими иқтисодий фаолликни барқарор ҳолатда ушлаб туриш мақсадида, 3 март куни базавий фоиз ставкасини 0,5 фоиз пунктга туширди. Мазкур қарор 2008 йилги инқироз давридан бери биринчи марта бўлаётгани аҳамиятга моликдир. АҚШ молия вазирлиги ҳузурида кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш бўйича махсус группа тузилган.

photo5424668120506805461.jpgШунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) 2020 йилдаги жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари прогнозини 0,5%га камайтирди. ИҲРТ, савдо урушлари ва сиёсий танглик туфайли ўзи шундоқ ҳам “жар ёқасида”ги дунё иқтисодиётининг ҳозирги кундаги таъминот занжирининг узилиши, ресурсларга бўлган талабнинг сустлашиши, туризмдаги пасайиш тенденцияси ва касаллик сабабли истеъмолчилар ишончининг камайиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

ИҲРТ ҳисоботига кўра, энг ёмон сценарий (Downside scenario) бўйича, яъни эпидемия кўламининг дунё бўйлаб кенгайиши, эпидемияга қарши қўлланиладиган чоралар ва ваҳима сабабли, ишлаб чиқаришга жиддий зарар келтириши ва оқибатда иқтисодий рецессияни олиб келиши, провардда эса глобал иқтисодий ўсиш 1,5% гача пасайиши прогноз қилинган. Ўз навбатида, бу ҳолатнинг таъсири мамлакатлар учун жудаям кучли ва давомли бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Умуман олганда, глобал иқтисодиётдаги мазкур салбий тенденциялар оқибатлари глобаллашган иқтисодиётнинг бир қисми сифатида Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Гарчи, Ўзбекистон ривожланган давлатлар сингари бир-бири билан ўзаро боғлиқлик даражаси юқори бўлмаса-да, уларда бўлаётган жиддий ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

photo5424828013549300857.jpgЖумладан, Хитой Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкори ҳисобланиб, Хитой билан ташқи савдо айланмаси 2019 йилда 7,6 млрд. долларни (умумий ташқи савдо айланма ҳажмига нисбатан - 18,1%), экспорт- 2,5 млрд., импорт – 5,1 млрд.долларни ташкил этган

photo5424951760147033751.jpgХитойдаги энергоресурсларга бўлган талабнинг камайиши, Ўзбекистоннинг Хитойга амалга ошираётган экспортини, шу жумладан табиий газ экспорти ҳажмининг камайишига олиб келади. Ўзбекистоннинг экспорт таркибида энергия манбаалари ва нефт маҳсулотлари (яъни табиий газ) 3-ўринда (14,1%) туришини, Хитойга жами экспорт ҳажмининг 36,4%и энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари ҳисобига тўғри келишини ҳисобга олиб, хулоса қилиш мумкинки, бу ҳолат Ўзбекистонга валюта тушумининг қисқаришига олиб келади.

photo5424828013549300858.jpg

photo5424668120506805462.jpgШунингдек, Хитойдан келаётган хом-ашё ва бутловчи қисмларнинг камайиши, транспорт харажатларининг ўсиши, ишлаб чиқариш таъминотидаги узилишлар Ўзбекистоннинг саноат соҳасига жиддий зарар келтириши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби, Ўзбекистон саноати учун зарур бўлган машина ва асбоб-ускуналар импорти умумий импорт ҳажмида Хитойнинг улуши 30,9%ни ташкил этади, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмларнинг импорти ҳажмида ҳам Хитойнинг улуши энг катта кўрсаткич (24,0%) ҳисобланади.

Шу ва бошқа сабаблар, Ўзбекистонда мазкур вазият юзасидан бўлган қисқа муддатли муҳим чораларни кўриш эҳтиёжини туғдирмоқда. Бунинг учун, биринчидан, фискал ва пул-кредит сиёсатни қўшимча қўллаб-қувватлаш ва мамлакатдаги таркибий ислоҳотларни кучайтириш лозим. Мазкур чоралар иқтисодий ўсишни барқарорлигига, истеъмолчилар ва инвесторларнинг ишончини оширишга ва ноаниқликни камайтиришга ёрдам беради.

Иккинчидан эса, корхона ва ташкилотларнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар, жумладан солиқ ставкаларини маълум муддатга камайтириш, “солиқ таътиллари”, “солиқ кредитлари”ни тақдим қилиш ва узоқ муддатда қайтариш имкониятини яратиш, ҚҚСни тезкор қайтариш механизмларини жорий этиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Нақд пул оқими билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналарга, айниқса кичик ва ўрта корхоналарга ёрдам беришга банклар томонидан имкон берилиши лозим. Зарар кўриши эҳтимоли бўлган ҳудудлар ва тармоқлар учун энергия манбалари нархини пасайтириш чоралари кўрилиши лозим.

Шу билан бирга, 9 март куни дунё нефт бозорида яна бир жиддий вазият юзага келиб, нефтнинг нархи ўзининг 2014 йилдан кейинги энг паст даражани қайд этди. Ушбу ҳолат нефтга бўлган глобал талабнинг тушиб кетиши ортидан нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) ва Россия нефть қазиб чиқаришни (таклифни) камайтириш бўйича келишувга эриша олмагани оқибатида юзага келди.

Мазкур вазият ортидан Россия етакчи компаниялари, жумладан “Газпром”, “Лукойл”, “Роснефть”, “Сбербанк”, “X5 Retail Group”, “Новатэк”, “Северсталь” ва бошқалар акциялари нархлари Лондон биржасида кескин тушиб кетди. Жаҳон нефть нархларининг пасайиши фонида Россия рубли пасайишни бошлади - доллар 72 рублга, евро эса 82 рублга кўтарилди.

Россия рублининг кучсизланиши – сўмнинг алмашув курсини кучайтириши, бу эса, Россия бозорида Ўзбекистон экспорт маҳсулотларининг қимматроқ бўлишига ва маҳаллий экспортёрларнинг даромадлари камайишига, ўз навбатида, бу ҳам Ўзбекистондаги валюта ҳажмини камайишига таъсир кўрсатиши мумкин.

bcd2825a-fd0a-4cea-9c54-8ee61f9f848b.jpgШунингдек, Россия иқтисодиётининг сустлашиши оқибатида, Ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатимизга келтираётган 3,4 млрд.долларлик (ЯИМга нисбатан 5,9 фоиз) фойдасининг қисқаришига олиб келиши ҳам мумкин.

Аҳоли умумий даромадлари таркибида трансфертлардан келадиган даромадлар 25,3%ни ташкил этишини ҳисобга олганда, мазкур вазият Ўзбекистонда аҳолининг яшаш даражасига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунинг учун, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва бандликни қўллаб қувватлаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Жумладан, кичик тадбиркорликни молиялаштиришни кенгайтириш, берилаётган кредитлар имтиёзли даврини узайтириш лозим.

Барча рухсат берувчи ва бюрократик тартиб-тамойилларга маълум муддат мораторий эълон қилиш, тадбиркорлик фаолиятидаги вужудга келаётган тўсиқ ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, бандликни таъминлаш бўйича кескин чоралар кўриш, қисқа муддатли иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш лозим.

Мазкур кўриладиган чоралар, ташқи глобал иқтисодий оқибатларни Ўзбекистонга таъсирини камайтириш, иқтисодий вазиятни мувозанатлаштириш учун хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, кўпгина давлатларнинг марказий банклари асосий фоиз ставкаларини тушириши молиявий секторда эмас, балки иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган. Агар 2008 йилдаги тажрибадан келиб чиқсак, ўша пайтдаги ушбу вазият капитал оқимнинг ривожланган давлатлардан ривожланаётган давлатларга (Хитойга) қараб ҳаракатланганлиги кузатилган. Шу сабабдан, Ўзбекистоннинг айни пайтдаги вазиятдан фойдаланиб қолиш имконияти мавжудлигини инобатга олиб, қулай инвестицион муҳитни яратишга катта эътибор қаратиш, инвестицион жозибадорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Фурқат Юнусов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази, лойиҳа раҳбари


5 010
ЎзА