ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида

Дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида

Сўнгги икки кун ичида ер юзи бўйлаб коронавирус инфекцияси тарқалиши суръати қарийб 25-28 фоизга пасайгани ва тузалганлар (242,5 минг киши) сони 63,3 фоизни ташкил этиб, вирус юқтирган одамлар (218 минг киши) сонидан ошганига қарамасдан, дунёдаги эпидемиологик вазият ташвишли бўлиб қолмоқда. Ўлим даражаси ўзгаришсиз қолди - 3,8 фоиз.

Марказий Осиё (Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон)да касалланиш улуши бутун дунёда аниқланган ҳолатлар статистикасинингҳалиям 1,09 фоизини ташкил қилмоқда. Тузалганлар кўрсаткичи нисбати 1,2, ўлим ҳолати нисбати эса 0,5 фоизга тенг.

Қозоғистон ва Қирғизистонда коронавирус инфекцияси тарқалиш суръати сезиларли даражада пасайди. Кун давомида ушбу мамлакатларда даволанганлар сони касалланиш янги ҳолатидан деярли икки баробар ошди. Қозоғистонда тузалганлар сони 2617 кишини, янги касалланиш ҳолатлари эса 1,158 тани ташкил этди, Қирғизистонда эса бу кўрсаткич тегишли равишда 816 ва 412 га тенг. Тожикистонда касаллик тарқалиши динамикаси, вафот этганлар ва тузалиб кетганлар улуши бир ойдан бери ўзгармаяпти.

Статистика.

«Worldometers» маълумотига кўра, 4 август соат 17:00 ҳолатига дунёда касалланганларнинг умумий сони 18 миллион 476 минг кишини ташкил этади, 698,2 мингдан кўпроқ одам вафот этган.

Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ - 4 миллион 862,1 минг, Бразилия - 2 миллион 751,6 минг ва Ҳиндистон - 1 миллион. 855,3 минг киши.

Ўлим ҳолати: AҚШ - 158 929, Бразилия - 94 702, Мексика - 48 012), Буюк Британия - 46 210, Ҳиндистон - 38 971.

COVID-19 дан даволанганларнинг умумий сони 11 702 315 кишига етди, бу умумий миқдорнинг 63,3 фоизини ташкил этади.

Марказий Осиёдаги вазият.

Қозоғистонда касалланганларнинг умумий сони 93,820 нафар, 65 132 киши соғайган, 1058 фуқаро вафот этган.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, ҳукумат энг муҳтож оилалар фарзандларига масофадан туриб ўқиш имкониятини бериш учун 500 мингга яқин компютерлар етказилишини таъминлайди. Туман, шаҳар ва вилоятлар маъмуриятига маҳаллий даражада компютер ускуналари билан таъминлаш масаласини кўриб чиқиш бўйича қўшимча топшириқ берилди. Таъкидланишича, 24 минг ўқитувчи шахсий компютерларга эҳтиёж сезмоқда ва шу сабабли уларга вақтинча фойдаланиш учун мактаб техникаси берилади.

Бош вазир Aсқар Мамин 20 августга қадар онлайн-режимда республика миқёсида ота-оналар мажлисини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Мажлисда бўлажак ўқув жараёни ҳақида тушунтириш берилади. Хабар қилинишича, янги ўқув йилининг биринчи чорагида машғулотлар масофадан туриб ўтказилади, Бундан санитария нормаларига қатъий риоя қилиш шарти билан кичик форматдаги мактаблар ҳамда бошланғич мактабларнинг "навбатчи" синфлари истисно. 

Янги ўқув йилида Қозоғистонда 3,3 миллиондан ортиқ ўқувчи, жумладан 396 мингдан ортиқ биринчи синф ўқувчиси таҳсил олади. Улардан 2,6 миллион (79 фоиз)и интернет платформаси ва телевидениедан фойдаланган ҳолда масофадан туриб, 530 минг (17 фоиз) бола "навбатчи" синфларда ва 157 минг нафардан ортиқ ўқувчи (4 фоиз) қишлоқларда штатли режимда ўқишни бошлайди. Олий ўқув юртларида таълим асосан масофадан туриб амалга оширилади.

Қирғизистонда касалликка чалинганларнинг умумий сони 37 541 га етди, 28 743 киши тузалди, 1 427 нафар фуқаро вафот этди.

Тожикистонда 44 та янги ҳолат аниқланиб, беморларнинг умумий сони - 7 495 га етди, 6 276 киши соғайди, 61 фуқаро вафот этди.

"Asia-plus" портали хабар беришича, Тожикистон Дубай билан мунтазам авиарейсларни тиклади. Дубайдан биринчи рейс 5 август куни кечаси Душанбега қўнади. Уни "Flydubai" авикомпанияси амалга оширади. Таъкидланишича, БAAга парвоз қилиш учун талаб қилинадиган одатий ҳужжатлар рўйхати билан бир қаторда, барча йўловчилар парвоздан 72 соат олдин берилган COVID-19 йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишлари керак бўлади. Ниқоб тақиш ва қўлқоп кийиш мажбурий. Тана ҳарорати кўтарилган ёки касаллик аломатлари бўлган йўловчи самолёт салонига киритилмайди. Тожикистонга келиб, барча йўловчилар коронавирус учун тест топширади ва натижалар чиқмагунча карантин зонасида сақланади.

Дунёдаги сўнгги тенденциялар.

БМТ Бош котиби Aнтонио Гуттеришнинг таъкидлашича, коронавирус туфайли мактаблар ва олий ўқув юртларининг ёпилиши 160 мамлакатда 1 миллиардга яқин талаба ва ўқувчи учун тўлиқ таълим жараёни бузилишига олиб келган. Бу ҳақдаги маълумотлар БМТ сайти (un.org)да жойлаштирилган. Эълон қилинган маълумотларга кўра, дунё бўйлаб камида 40 миллион бола мактабгача таълимдан маҳрум бўлди. Дарсларни онлайн, радио ва телевидение орқали ўтказиш барча ўқувчиларни қамраб олиш имконини бермади.

A. Гуттеришнинг сўзларига кўра, дунё "авлодлар фожиасига"га дуч келмоқда, натижада улкан инсоний салоҳият ишлатилмай, барбод бўлиши мумкин. Бундан ташқари, тенгсизлик янада кучаяди ва таълимда эришилган барча ютуқлар йўқолади.

Шу сабабли Бош котиб "Келажагимизни қутқариш" шиори остида янги дастур ишга туширилишини эълон қилди. Ушбу дастур доирасида БМТ барча давлатларни COVID-19 эпидемияси жиловланиши биланоқ мактабларни қайта очишга чақирмоқда. Ўз навбатида, ташкилот турли мамлакатлар мансабдор шахсларига бу борада кўрсатма ва қоидалар юзасидан ёрдам беришни ваъда қилди. Шунингдек, БМТ маблағларни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишда уларни асосан таълимга соҳасига сарфлашга даъват қилмоқда.

Коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқиш атрофидаги "маълумотлар шов-шувига" изоҳ бериб, БМТ кўпдан бери кутилган вакцина панацея бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Германиянинг "Tagesschau" портали хабар беришича, Ташкилот дунё мамлакатларини вакцина кўринишидаги "сеҳрли таёқчага" умид қилмасликка чақирмоқда, чунки вакцина глобал саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳеч қачон пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин. ЖССТнинг мансабдор шахслари Т. Гебрейесус ва М.Райан нормал ҳаётга қайтиш йўли узоқ бўлишини таъкидламоқда. Улар барча давлатларни ниқоб тақиш, масофани сақлаш ва гигиена қоидалари каби чораларни сўзсиз бажаришга чақирмоқда. Ташкилот мутахассисларининг фикрича, ҳимоя ниқоблари бутун дунёдаги бирдамлик тимсолига айланиши керак.

"Interfax" хабар беришича, ЖССТ коронавирусга қарши курашда Вьетнамдан ўрнак олиш кераклигини таъкидламоқда. Ташкилот эксперти М.ван Керкхове ушбу мамлакат ҳукумати ҳаракатларини юқори баҳолаб, шундай деди: Улар тезкор ва кенг қамровли ҳаракатни амалга оширишди, уларда ушбу вирусни жиловлашда ёрдам берадиган тизим бор. Айнан шуни барча мамлакатларда кўришимиз керак. Вьетнам ушбу вирусга ҳеч қандай имконият қолдирмай, йирик фожеа юзага келишининг олдини олиш учун қўлидан келган барча нарсани қилмоқда.

Сешанба куни Германиянинг "Augsburger Allgemeine" газетаси "Marburger Bund" Германия шифокорлари бирлашмаси раиси С.Йона билан интервью эълон қилди. Интервьюда у коронавируснинг иккинчи тўлқини Германияда ҳақиқатан ҳам бошлангани, аммо биринчи тўлқинга қараганда енгилроқ кечиши мумкинлигини айтди. "Marburger Bund" раиси коронавирус аста-секин ривожланиб бораётгани туфайли Германия клиникалари иккинчи тўлқинга тайёр эканлигини маълум қилди.

Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар

Бразилия Оксфорднинг коронавирусга қарши вакцинаси муқобил вариантини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради ТAСС. Хабар қилинишича, мамлакат ҳукумати ушбу қарорни дори бўйича синовларни якунлаш ўйлагандан кўпроқ вақт талаб этиши мумкинлиги сабабли қабул қилган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Э.Франку таъкидлаганидек, вакцина тадқиқотнинг энг сўнгги босқичида бўлишига қарамай, кеч ишлаб чиқилади, деган эҳтимол бор. Муқобилни топиш мамлакатга вакцина ишлаб чиқаришда кўпроқ автономияга эга бўлиш имконини беради.

"The New York Times" америкалик олимлар Президент Д.Трамп маъмурияти вакцинани ноябр ойида бўлиб ўтадиган президент сайлови олдидан маъқуллашни талаб этишидан хавотирда эканини маълум қилди. Газета таъкидлашича, вакцинани ишлаб чиқувчилар яхши хабарларни кутувчи Оқ уйнинг босими остида қолмоқда. Улар келгуси ойларда ушбу ишга "сиёсат аралашишидан" қўрқмоқда.

Д.Трамп Американинг коронавирусга қарши вакцинаси 2020 йил охиригача тайёр бўлишини бир неча бор айтган. Шу билан бирга вакцина эртароқ чиқиши ҳам эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлаган. Мюнхен юқумли касалликлар клиникаси бош шифокори Клеменс Венднернинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши антитаначалар мавжудлиги бўйича ўтказилган дастлабки тадқиқотлар пандемияни жиловлаш учун вакцина зарурлигини кўрсатди. Унинг айтишича, "аҳоли инфекция юқтириши даражаси шунчалик пастки, биз жамоавий иммунитетга ишониб қололмаймиз". Вакцинациясиз жамоавий иммунитетга эга бўлишнинг иложи йўқ. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда антитаначаларни ўрганиш аниқ бир натижа бермаяпти. Уларнинг мавжудлиги илгари инфекция юқтирганларни аниқлашга имкон бериши маълум, бироқ бу Sars-CoV-2 га нисбатан иммунитет шаклланади, дегани эмас. Танадаги қайси ҳужайралар ва антитаначалар иммунитетни шакллантираётгани ва жараён қанча давом этиши ҳалями номаълум.

12 мингга яқин қон донорлари намуналарини ўрганиш антитаначалар уларнинг атиги 1,5 фоизида мавжудлигини аниқлаш имконини берди. Германияда вирус биринчи марта аниқланган Шимолий Рейн-Вестфалиядаги Гангельт жамияти аҳолисининг атиги 15 фоизида антитаначалар аниқланган. Шунингдек, Aвстриянинг Ишгл курорт шаҳарчаси орқали вирус бутун Европа бўйлаб тарқалган бўлиб, маҳаллий аҳолининг атиги 42 фоизида антитаначалар аниқланган. К.Венднернинг сўзларига кўра, бу вируснинг янада кенг тарқалишининг олдини олиш учун жуда паст кўрсаткичдир.

Шу сабабли, германиялик инфекционист коронавирус тарқалиши йўлидаги энг ишончли тўсиқ вакцинация, унгача зарур чораларни кўриш - ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва гигиена қоидаларига риоя қилиш керак, дея таъкидлаган.

COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари

Германиянинг "Tagesschau" портали ёзишича, Aвстралиянинг Виктория штатида карантин қоидаларига риоя қилмаслик учун жазо кучайтирилди. Энди ўзини ўзи яккалаш тартибини биринчи марта бузганларга таҳминан 3,5 минг доллар жарима солинади. Такроран бузганлик учун эса 14 минг долларгача жарима солиниши мумкин. Бундай чоралар штатда коронавирус тарқалиши жадаллашгани туфайли кўрилди. 

Штат бош вазири Д.Эндрюснинг сўзларига кўра, коронавирус билан касалланганларнинг тахминан учдан бир қисми полициячилар томонидан ўтказилган текширувлар пайтида уйда бўлмаган. Мулозим коронавирус тарқалишига қарши кураш чоралари доирасида штатда 1,5 минг нафар ҳарбий хизматчи жойлаштирилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳафта Виктория ҳукумати комендантлик соати, кундузи ҳаракатланишга чекловлар жорий қилди, кўплаб корхоналарни ва деярли барча дўконларни ёпди.

BBC аноним манбага асосланиб, Эрон ўз ҳудудида ўлим ва касалланишлар сони бўйича ҳақиқий маълумотларни яшираётганини таъкидламоқда. Таъкидланишича, Эронда коронавирусдан вафот этганлар сони расмий маълумотларда кўрсатилган 14,4 мингта эмас, балки 42 мингтани ташкил этади. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасида касалликка чалинганлар сони икки баробар кам - 279 минг, деб кўрсатилган. BBCда эълон қилинган маълумотларга кўра, аслида вирус билан ушбу мамлакатда 451 мингдан зиёд киши касалланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти кўмагида тайёрланди.

6 053
ЎзА