Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 20:18 Чоп этиш версияси

Дунё полвонлари Хоразмда

Дунё полвонлари Хоразмда
Хоразмда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган биринчи Халқаро турнир бўлиб ўтди.

Мусобақада жаҳоннинг 14 давлатидан келган номдор полвонлар, шунингдек, мамлакатимиздан 114 нафар, жами 260 курашчи беллашди.

Халқаро турнирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари К.Юсупов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ж.Матчонов ва бошқалар миллий қадриятларимиздан бўлган курашнинг халқаро майдондаги обрўсини оширишда бу каби мусобақаларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.

6.jpg

Илк бор ўтказилган халқаро мусобақанинг биринчи кунида иштирокчилар қадимий Хива шаҳрида полвонлар пири Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилди.

Халқаро турнир доирасида Хоразм Маъмун академиясида Ўзбекистон кураш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилот фаолияти таҳлил этилиб, Осиё ўйинлари олдидан терма жамоалар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Федерациянинг янги раиси сайланиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

10.jpg

Мусобақанинг асосий баҳслари икки кун давомида Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида бўлиб ўтди.

– Халқимизнинг фахру ғурури бўлган кураш бугун жаҳон ареналарини забт этмоқда, – дейди Ўзбекистон кураш федерацияси спорт директори У.Умаров. – Шу йил август ойида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинларида миллий спортимиз бўйича ҳам мусобақалар ўтказилади. Ана шундай нуфузли турнир олдидан Хоразмда ташкил этилган мазкур беллашувлар дунёнинг турли мамлакатларидан келган полвонлар учун муҳим синов вазифасини ўтади.

Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган кураш бўйича халқаро турнирнинг биринчи кунида аёллар 52 ва 78, эркаклар 66 ва 81 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқди. Аёллар ўртасидаги енгил вазнда самарқандлик Гулноза Зиёева барча рақибаларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади.

12.jpg

– Ўз юртимда мағлуб бўлмаслик, Президентимизнинг биз, спортчиларга бўлган ишончини оқлаш учун гиламга чиқдим ва ғолиб бўлдим, – дейди Гулноза. – Мен бундан жуда бахтиёрман. Бундан кейинги мусобақаларда ҳам фақат ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан.

Аёллар ўртасида 78 килограмм вазн тоифасида ўтказилган мусобақалар финалида туркманистонлик таниқли курашчи Мария Лохова ҳамда юртдошимиз Гулноза Матниёзова гиламга чиқди. Бу баҳсда Матниёзованинг қўли баланд келди.

Эркаклар иштирокида 66 килограмм вазн тоифасидаги мусобақалар финалида самарқандлик турнир кашфиёти Достон Холиқулов эронлик Жаъфар Ферузободни мағлуб этиб, чемпион бўлди. Яна бир юртдошимиз Руслан Бўриев ва эронлик Қамбарали Қамбарий бронза медални қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида 81 килограмм вазн тоифасида эронлик Омид Тазтак финалда Самарқанд вилояти вакили Сарвар Шомуродовни мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди. Қашқадарёлик Камолиддин Расулов ва туркманистонлик Даянч Умиров совриндорлар қаторини тўлдиришди.

– Паҳлавон Маҳмуд курашчиларнинг пири саналади. Ул зотни Эронда ҳам ўз қаҳрамонимиз сифатида ҳурмат қиламиз, – дейди кураш бўйича халқаро турнир ғолиби эронлик Омид Тазтак. – Турнир баҳона буюк зотнинг мақбарасини зиёрат қилганим учун Яратганга шукроналар айтаман. Мусобақа ҳам жуда кўтаринки руҳда ўтди. Бу турнир Индонезиядаги Осиё ўйинлари олдидан ўз кучимни синовдан ўтказиб олиш учун ажойиб имконият бўлди. 

Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар 90 килограмм ва ундан оғир, аёллар эса 87 килограмм вазн тоифасида гиламга чиқди. Эркаклар ўртасида 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон вакили Яҳё Имомов финалда эронлик рақиби Муҳаммад Малекмуҳаммаддемирни мағлубиятга учратиб, халқаро турнир ғолибига айланди. 90 килограммдан оғир вазнда мутлақ ғолиблик учун гиламга чиққан ўзбекистонлик Муҳсин Ҳисомиддинов тожикистонлик полвон Неъматулло Акпанақуловга имкониятни бой берди.

Хотин-қизлар ўртасидаги баҳсда 87 килограмм вазн тоифасида туркиялик Белкис Зехра юртдошимиз Раҳима Йўлдошева устидан ғалаба қозонди.

Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Халқаро турнирнинг очилиш ва ёпилиш маросимларида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА 

​Шоназар Қориев олган суратлар​
6 701