ЎзА Ўзбек

08.08.2018 21:20 Чоп этиш версияси

Дунё ижодкорлари ер юзи сайқалида

Дунё ижодкорлари ер юзи сайқалида “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари 8 август куни Самарқанд шаҳрига саёҳат қилди.

Дунёнинг йигирма беш мамлакатидан келган шоир-ёзувчилар, таниқли адабиётшунос ва тилшунос олимлар, таржимонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, буюк давлат ва сиёсат арбоби қабрига гуллар қўйилди.

Меҳмонларга ушбу мажмуанинг яратилиш тарихи, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Анжуман иштирокчилари буюк аллома Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида бўлиб, қадимий обида ва ашёларни ҳайрат билан томоша қилди.

5 (1).JPG

– Мен туғилишимдан аввал отам Мирзо Улуғбек мажмуасига келган ва “Ўғил фарзанд кўрсам исмини Улуғбек қўяман”, деб ният қилган экан, – дейди Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат. – Шу боис менга буюк бобоколонимизнинг исми қўйилган. Эҳтимол, шу сабаб бўлса керак, Самарқандга тез-тез келиб тураман. Бу галги тадбир ҳам Самарқандга келишимга бир сабаб бўлди.

Меҳмонлар Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонида бўлиб, аждодларимизнинг ноёб ақлу закоси маҳсули бўлган тарихий обидаларнинг бунёд этилиш тарихи, бой маънавий меросимизни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

10 (1).JPG

– Деҳлидаги Жамия миллий исломия университетида хатти Бобурийдан ўзбек тилида дарс бераман, – дейди ҳиндистонлик Шоҳид Таслем. – Навоийшунос, бобуршунос олимлар, истеъдодли ижодкорларнинг бу юртда жам бўлиши бежиз эмас. Негаки, ўзбек мумтоз адабиёти жаҳон адабиётини дурдона асарлари билан бойитган. Уларни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида юртингизда жуда катта илмий-ижодий мактаблар яратилган. Ўзбекистон Президентининг адабиётга, маънавиятга алоҳида эътибор қаратиши ва соҳа вакилларига юксак ғамхўрлик кўрсатиши бу мактабларнинг янада тараққий этишидан далолат беради.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
7 690