Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 19:33 Чоп этиш версияси

Дунё эътиборига тушган таклифлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган ёрқин, амалий таклифларга бой нутқи жаҳон сиёсатчилари, экспертлари, жумладан, илм-фан аҳли томонидан ҳам ижобий воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Давлатимиз раҳбари нутқида алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистонда бугун барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиз ёрқин тараққиёт сари дадил интилмоқда. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мақсадимиз "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" тамойилига қатъий амал қилган ҳолда ҳуқуқий, демократик давлат барпо этишдир.

2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани замирида ҳам ана шундай олижаноб мақсадлар мужассам. Давлатимиз раҳбари бутун эътиборини оддий одамларнинг муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг қулай, фаровон, ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқда. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак". Бу бугунги кунда Ўзбекистон раҳбариятининг асосий шиоридир.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали қисқа вақтда бир миллиондан ортиқ одам ўз муаммоларига ижобий ечим топди. Бу одамларда адолатга, давлатга ишончни оширди. Халқимиз келажакка катта умид билан қарамоқда. Бу эса муваффақиятларимизнинг бош омилидир.

"Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади". Бу Президентимиз илгари сурган шиорлардан биридир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган қулайликларга кўпчилик ҳавас қилмоқда. Банк-молия тизимида, иқтисодиёт тармоқларида ўтказилаётган туб ўзгариш ва янгиланишлар яқин йилларда ўз самараларини беришига ишонамиз.

Президентимиз БМТнинг юксак минбаридан туриб дунё ҳамжамиятига Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, ҳалқимизнинг азму шижоати, мақсади ва орзу-ниятлари, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар ҳақида баён этар экан, амалиётчи, ислоҳотчи раҳбар эканини яна бир бор намоён қилди. Бир қатор амалий таклифларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклиф билдирди. Ёшлар келажагимиз экани, уларнинг тақдирига бефарқ, эътиборсиз қараш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дунё жамоатчилигини яна бир бор огоҳлантирди.

Қўшни Афғонистонда тинчликни таъминлашга эришиш, қуриётган Орол денгизи муаммоси, Марказий Осиёда умумий сув манбаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалаларда ҳам ўз қарашлари, аниқ фикрлари, таклифларини илгари сурди. Дунё ҳамжамиятини яна бир бор терроризмга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақирди. Бу борада куч ишлатиш сиёсати кутилган натижани бермаётгани, терроризмнинг оқибатларидан кўра, унинг сабаблари билан қизиқиш тўғри бўлишини таъкидлади.

Жаҳон илм-фани, ислом дунёсига буюк алломалар, донишмандлар етиштириб берган юрт вакили сифатида Шавкат Мирзиёев муқаддас ислом дини, ислом тамаддуни тўғрисида самимий сўзлар айтар экан, БМТ Бош Ассамблеясига "Маърифат ва диний бағрикенглик" ҳақида махсус резолюция қабул қилиш таклифини билдирди.

Президентимизнинг БМТ минбаридан айтган фикрлари, таклифлари сессия иштирокчилари эътиборини тортди, дунё жамоатчилиги уларга ҳали кўп бора мурожаат қилади, деб ўйлаймиз.

Сарвар Қодиров,
Техника фанлари доктори, академик.


1 847






Все о погоде - Pogoda.uz