ЎзА Ўзбек

01.08.2018 18:19 Чоп этиш версияси

Дунё адабий жамоатчилиги олдида ўз сўзимизни айтиш имконияти

Дунё адабий жамоатчилиги олдида ўз сўзимизни айтиш имконияти
Жорий йилнинг 7-8 август кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзуидаги халқаро конференция мамлакатимиз ва чет эл адабий жамоатчилигида ўзига хос воқелик бўлиши шубҳасиз. Ушбу ижодий анжуман миллий адабиётимиз ривожи йўлида амалга оширилган ишларни сарҳисоб этиш, жаҳон адабиёти муҳитига кенгроқ назар ташлаш, ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши йўлидаги қулай ижодий имкониятдир. 

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган тарихий учрашувига ҳам бир йил бўлди. Ўтган қисқа вақт мобайнида миллий адабиётимиз, санъатимиз, маданиятимиз, оммавий ахборот воситаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини замон руҳига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйишга оид кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди, – дейди Ш.Сирожиддинов. – Уларнинг ижроси юртимиз маънавий-маданий ҳаёти ривожини янада юқори босқичга олиб чиқишда янги-янги истиқболларни очиб бермоқда.

Айни жиҳатлар миллий адабиётимиз соҳасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори адабиётимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш, бу борада дунёнинг турли минтақаларида туриб адабиётимиз тарихини ўрганаётган, адиб ва шоирларимизнинг асарларини таржима қилаётган барча таржимонларни ҳамкорликка чорлаш масалаларида муҳим тарихий қарор бўлди.

Қарорда ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, миллий адабиётимизнинг сара намуналарини танлаб таржима қилиш, ёш таржимонларни тайёрлаш, таржима қилинган асарларни “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан чет элларда чоп этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Чунки бугунги кунгача ўзбек адабиётининг жуда катта қисми хорижликлар учун номаълумлигича қолмоқда, мумтоз ва замонавий бадиий асарларимиз хориж тилларига етарли даражада таржима қилинмаган. Бунинг устига малакали таржимонлар деярли йўқ. Табиийки, бу ишларни амалга ошириш, таржималарнинг сифати таржима қилинаётган тил соҳибларининг ҳамкорлигисиз кутилган натижани бермайди. Шу жиҳатдан олдимизда хорижлик олим ва таржимонлар билан алоқа ўрнатиш вазифаси кўндаланг турарди.

Айни шу ният Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан Тошкентда жорий йил август ойининг биринчи ўн кунлигида «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзуида халқаро конференцияни ўтказиш ғоясининг туғилишига сабаб бўлди. Ушбу конференцияга 25 давлатдан ўзбек адабиёти тарихи билан шуғулланиб келаётган олимлар ва ўзбек адабиёти таржимонлари таклиф этилган. Мақсад ўзбек адабиётининг чет элларда тарғиб этилишини кескин яхшилаш, бу борада келгусида қилинадиган ишларни аниқ белгилаб олиш учун халқаро ҳамкорлар билан ўзаро фикр алмашишдан иборат.

Ушбу конференция тарихий аҳамиятга эга. Негаки, у давлатимиз раҳбарининг мамлакат ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувига бир йил тўлган кунларда ўтказилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон зиёлилари билан бўлган учрашувда: “Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, – деб айтган сўзларида чуқур маъно-мазмун бор. Тарих, санъат ва адабиёт миллат руҳи, миллат ғурури, миллат тафаккурини ўзида акс эттиради. Бугун Ўзбекистон катта журъат ва шахдам қадамлар билан ривожланаётган мамлакатлар ичида олға интилаётган бир пайтда унинг қадим маданияти, юксак маънавиятини адабиёт орқали жаҳон халқларига таништириш ўзбек халқининг буюк миллат, деган тарихий мақомини тиклашга хизмат қилади. 

Бизнинг адабиётимиз бой меросга ва бутун дунёга ўрнак бўларли намояндаларига эга. Биз ҳақли равишда улар билан фахрланамиз. Аммо, минг афсуски, уни дунёга танитиш ишларида оқсаб қолгандик. Шу маънода мазкур конференция дунё олимлари ва таржимонларининг бошини қовуштирувчи ва ягона мақсад сари ҳамкорликда залворли ишларни амалга оширишимизда биринчи қадам бўлади. 

Ушбу нуфузли анжуман Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтади. Бу бежиз эмас. Университет эндигина 2 ёшга тўлди. Унинг зиммасига ўзбек тили ва адабиётини халқаро миқёсда илмий ўрганиш, унинг нуфузини ошириш чораларини кўриш, университетни ўзбек тили ва адабиётини ўрганишнинг жаҳоний марказига айлантириш каби ўта масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилган. Университетга бино ажратиш, энг замонавий талабларга жавоб берадиган моддий-техник таъминоти Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ғамхўрлиги ва қатъий назорати остида амалга оширилгани давлатимизнинг тилимиз ва адабиётимизга бўлган юксак эътиборидан дарак беради ва бу барчамизга ғурур бағишлайди.

2017 йил 23 декабрда университет биносининг очилиш маросимига давлатимиз раҳбари ташриф буюриб, бугунги кунда ўзбек тили ва адабиётини дунёга тарғиб қилиш, шу соҳада машғул бўлган бутун дунё олимларини университет билан боғлаш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қанча топшириқлар берган эди.

Жорий йилнинг май ойида университетда “Ўзбек тилининг жаҳон туркологиясидаги ўрни ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида халқаро давра суҳбати ташкил этдик. Унда 20 давлатдан ўзбек тили билан шуғулланаётган мутахассислар ва турколог олимлар қатнашди. Ушбу давра суҳбати ўзига хос танишув маросими бўлди, дейиш мумкин. Уларга университетимизнинг таъсис этилиши тарихи, олдида турган вазифалари ҳақида батафсил маълумот бердик. Меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда миллий тил ва унинг тарғиботи масалаларида олиб борилаётган давлат сиёсатини ижобий баҳолаб, бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар, ижобий интилишлар барча давлатларга ўрнак эканлигини алоҳида таъкидлади. 

Ана шу давра суҳбатидан сўнг ўтган даврда хориждаги бир қанча турдош олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан яқин алоқалар ўрнатилди. Озарбайжон, Туркия, Буюк Британия илмий марказлари билан ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар ниҳоясига етмоқда. Бир қанча йирик халқаро илмий ассоциациялардан аъзоликка қабул қилиш бўйича таклифлар олдик. Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Татаристон ва Бошқирдистон Фанлар академиясининг, Туркия ва Озарбайжон Илмлар академиясининг нуфузли вакиллари бир қанча университетлар ректорлари билан биргаликда университетимиз меҳмони бўлади. Ташриф доирасида университетда халқаро туркология илмий-тадқиқот марказининг очилиш маросими ўтказилади. Бу марказ асос-эътибори билан давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилининг халқаро нуфузини таъминлаш ва тилимизнинг тарихи, бугуни ва истиқболи билан боғлиқ илмий тадқиқотларни халқаро миқёсда олиб бориш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмаларини бажаришга хизмат қилади. 

Ўзбек адабиёти тарғиботи бўйича ўтказиладиган халқаро анжуман ҳам худди шу кўрсатмалар моҳиятидан келиб чиқадиган яна бир муҳим тадбир сифатида ўта аҳамиятлидир. Зеро, бу анжуман тарихда биринчи марта дунё адабиётшунослари олдида ўз сўзимизни айтиш имконини беради. Шунингдек, ўзбек адабиёти таржималари бўйича мамлакат ва чет эллардаги ҳолат, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётимиз тарихи ва ҳозирги адабий жараёнга оид дунёда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар кўлами, ютуқ ва камчиликлар бўйича дастлабки тасаввурларимиз шаклланади. Энг муҳими, биз Президентимиз айтганидек, “ўзимизнинг ва дунё олимларининг бошини қовуштириб, бир эзгу мақсадга, яъни ўзбек адабиётини дунёда тараннум этишга йўналтирамиз” .

Шу муносабат билан анжуман ишидан кутиладиган муҳим натижа сифатида Тошкентда Ўзбек адабиёти таржимонлари ва илмий изланувчилар бутунжаҳон ассоциациясини таъсис этиш ҳақида таклиф киритмоқчимиз. Ушбу ассоциация аъзолари ҳар йили февраль ойида Тошкент шаҳрида кенг нишонланадиган Ҳазрат Навоий туғилган куни арафасида йиллик ҳисобот йиғилишида қатнашиши, йил давомида жаҳон миқёсида олиб борилган ишлар билан танишиб бориши ва янги ғоялар билан ўртоқлашиши асносида келгусида ўзбек адабиётининг жаҳон миқёсида кенг танилишига муносиб ҳисса қўшади. 

Назокат Усмонова ёзиб олди, ЎзА
6 138