ЎзА Ўзбек

17.10.2012 15:41 Чоп этиш версияси

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик маскани

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла институтининг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган улкан ишлар чекка ва олис ҳудудлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Буни Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур маҳаллада 3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бугунги кунда маҳалла ҳудудида савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари, тикув цехи, электр асбоблари устахонаси, транспортга хизмат кўрсатиш корхонаси фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи, туман электр тармоқлари корхонаси, статистика, ижтимоий таъминот, бандликка кўмаклашиш маркази каби муассасалар жойлашгани туфайли маҳалла янада гавжум.

Маҳаллада йигирмага яқин миллат ва элат вакиллари халқимизнинг эзгу фазилатларини намоён этган ҳолда ўзаро ҳамжиҳат, аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда.

– Маҳалламизда қарор топган ижтимоий-маънавий муҳит ёшларимизни ота-боболаримиз анъаналарига, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қалдирғоч Тожибоева. – Президентимиз раҳнамолигида миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар, ҳар бир миллат ва элатнинг миллий маданияти, қадриятларини асраб-авайлашга қаратилаётган улкан эътибор ўз самарасини бермоқда. Маҳалладошларимиз жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётир.

– Миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашда аждодлар анъаналарининг ўрни беқиёс, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мақсуда Ялғошева. – Байрамларимиз, тўйларимиз, турли маросимларимиз аҳилликда, камхарж ўтаётгани ёшларимизга сабоқ бўлаётир.

Маҳаллада ёшлар тарбиясига бугунги ва эртанги кунимизнинг энг муҳим вазифаси сифатида ёндашилаётгани яхши натижа бермоқда. Ёшлар билан ишлаш фақат профилактика нозири, маҳалла посбони зиммасига юкланмасдан, бу ишда фаоллар, айниқса, кўпни кўрган кексалар иштирок этаётгани яхши самара бераётир.

– Ҳудудимиздаги коллеж, мактаб ва мактабдан ташқари муассасаларда ёшларни турли тўгаракларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди профилактика нозири Шерзод Қўқонов. – Болалар спорт, фан, турли касб-ҳунар тўгаракларига фаол қамраб олинаётгани боис маҳаллада ҳуқуқбузарлик ҳолатлари умуман қайд этилмаётир. Ёшларнинг бўш вақтларини фойдали машғулотларга сарфлаши учун таълим муассасалари, ота-оналар билан ҳамкорликда иш олиб бораётирмиз. Маҳаллада кичкинтойлар учун болалар майдончаси ташкил этилган.

Маҳалла идорасида зарур адабиётлар билан жиҳозланган маънавият хонасининг ташкил этилгани ҳам тарбиявий ишларни яхшилашга хизмат қилаётир. Бу ерда турли маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Ҳар бир иш жамоатчилик вакиллари, доимий фаолият кўрсатиб келаётган фуқаролар йиғини оқсоқоллар кенгаши билан бамаслаҳат амалга оширилаётгани маҳаллада эришилаётган ютуқларнинг асосий омили бўлаётир. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш юзасидан ёшлар билан учрашувлар, суҳбатлар, турли маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаётир.

Маҳаллада кам таъминланган, кўп болали оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларга нафақалар белгилаш кенгаш аъзоларининг фикрлари асосида амалга оширилаётир. Оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан бамаслаҳат маҳалладаги 10 оилага тадбиркорлар ҳомийлигида моддий ёрдам кўрсатилди.

Шу кунларда маҳалла фаоллари кўча оқсоқоллари иштирокида болалар муассасаларининг, хонадонларнинг қишга тайёргарлигини кўздан кечирмоқда. Аниқланган муаммолар тегишли ташкилотлар кўмагида ҳал этилаётир. Хонадон соҳиблари билан суҳбатларда ёшлар тарбияси, табиий газ ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилаётир. Бундай мулоқотларда маҳалланинг тинч-осойишталигини янада мустаҳкамлаш, коллежни битирган ёшларни иш билан таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилаётир.


ЎзА, Тошқул Бекназаров
9 524