ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Достонларда яширинган хазина

Достонларда яширинган хазина

Сершовқин даврага бирдан жимлик чўкади. Оломон гуррр этиб қўзғалади-ю бахшининг атрофини қуршаб олади. Шу онда ҳамманинг кўнглида бир савол: бу гал қайсини айтаркан-а?..

Бир пайтлар тўю томошалар, байраму базмларга бахшию оқинларимиз файз киритган. Дўмбира овози қош қорайгандан то тонггача тинмаган.

Хўш, бунинг сири нимада? Миллий эпосларимиз асрлар оша барҳаётлигининг боиси не?

Ўзбекистон – этнографик ўлка. Бошқача айтганда, бахшилар юрти. Қолаверса, ўзбек халқ достонлари аждодларимизнинг узоқ ўтмишидан ҳикоя қилади. Уларда халқимизнинг орзу-умидлари, ўй-ниятлари мужассам. Мардлик, шижоат, ватанпарварлик, она юртга садоқат каби инсоний фазилатлар улуғланади достонларимизда. Шу сабабли ҳам у боқий мерос. Бахшичилик санъати намуналари тингловчиларга завқу шавқ бағишлабгина қолмайди, балки дилларга яхшилик уруғини қадайди, маърифат нурини сочади. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”ни эшитиб не-не алломаю фузалолар, шоиру донишлар камол топмаган дейсиз?!

Президентимиз ана шунинг учун ҳам эзгу ташаббус билан чиқди. Бу ўлмас меросимизни асраб-авайлайлик, улардан бутун дунё баҳра олсин, деди. Шу тариқа Халқаро бахшичилик санъати фестивалига асос солиниб, ушбу нуфузли тадбир ҳар икки йилда бир маротаба Термиз шаҳрида ўтказилиши йўлга қўйилди.

“Бахшилар нафақат ўтмишнинг акс-садоси, айни пайтда, бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир”, деди ўшанда давлатимиз раҳбари. Чиндан ҳам, ота-боболаримиз ҳаёт йўлидан, мардлигу жасоратидан ибрат олиб улғайган инсондан ёмонлик чиқиши мумкинми?!

Биргина ўзбек қаҳрамонлик эпоси – “Алпомиш” достонини олайлик. Қанчадан-қанча ҳикмат бор, тарих бор унда. Деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандлик, халқ ўйинлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ҳам талайгина.

Аждодларимизнинг уруғчилик тузумидан давлатчилик тузумига ўтиши жараёни ҳам яққол акс этган. Ака-ука Бойбўри ва Бойсарилар орасидаги зиддият мисолида! Бу оғанинг инисидан мамлакат хазинаси учун солиқ талаб қилиши воқеасида намоён бўлади.

“Алпомиш”нинг яна бир бебаҳо қадр-қиммати мавжуд. Достонда Ҳакимбекнинг Барчинни қалмоқлар юртидан олиб келиш лавҳаси жуда таъсирчан ифодаланади. Ғаройиб саргузаштлар, қалмоқлар билан тўқнашув, бош қаҳрамоннинг жасоратлари... Шулар асосида ватанпарварлик, элу юрт манфаатлари учун кураш ғояси биринчи планга чиқади. Бу эса асарга миллий эпос мақомини беради. Хулоса ҳам ҳам ибратли: Ватанга муҳаббат – шахсий манфаатлардан устун!

Достондаги Қўнғиротдан аразлаб кетган юртдошларини қалмоқлар зулмидан қутқариб, Ватанга қайтариш лавҳаси ҳам одамда ор-номус, орият туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Демак, халқ оғзаки ижоди намуналари – бой ҳаётий тажрибаларни ўзида мужассам этган бебаҳо дурдоналар. Буни XIX аср Европа фольклоршунос ва этнографлари хулосалари ҳам тасдиқлайди. Яъни уларнинг қатъий фикрига кўра, халқларнинг этник шаклланиши тарихини ўрганишда халқ оғзаки ижоди намуналари ижобий натижа беради. Бундай ёндашув бизда ҳам қўл келиши, шубҳасиз. Чунки номоддий ёдгорликларнинг аксарияти урушлар, турли босқинлар оқибатида йўқ бўлиб кетган. Улар асосан оғзаки ижод намуналари орқали бизгача етиб келган.

Қолаверса, оғиздан-оғизга, отадан-фарзандларга ва устозлардан шогирдларга ўтиб келган эртагу достонларда ҳам муайян ҳаёт ҳақиқатларини акс эттирувчи фактлар мавжуд. Масалан:

“Хатирчининг йўлида, қишлоғи бор Тасмачи,

Халқни вайрон айлади, уйинг куйгур босмачи”.

Ёки:

“Жўжи келди, Жўжи келди,

Жўжи билан бўжи келди”

сингари айтимларимизда тарихнинг қайсидир даврларида халққа жабр-зулм кўрсатилган воқеаларга муносабат билдирилган.

Ёхуд халқнинг жамият тарихидаги даҳшатли воқеа-ҳодисаларга реал муносабатини ифодаловчи “Мардикорлик қўшиғи” (Ҳоди Зарифов ёзиб олган)ни таҳлил қилайлик:

“Поездингни жилдирган,

Ўтхонаси билан дўнгалаги.

Двинскка кетишди

Мард йигитнинг бир бўлаги”

Ушбу сатрларни ўқиган ёки эшитган одам чор мустамлакачилик сиёсати, ўша машъум воқеликларни яққол кўз олдига келтиради. Бу – факт! Ёш йигитларимиз зўрлик билан мардикорликка олиниб, ҳарбий иншоотлар қуриш, совуқ ўлкаларда дарахт кесиш каби оғир юмушларга жалб этилгани юқоридаги фольклор намунасида акс этган.

Бинобарин, XIX аср бошларида Европа ва рус ориенталистлари, миссионерлари Туркистон ўлкасига келиб, маҳаллий аҳолидан моддий ва номоддий маданиятга хос материалларни ёзиб олишган ва уларни жаҳонга машҳур газета-журналларда чоп эттиришган. Ана шу халқ иборалари, мақоллари, эртаклари, достонлари ва бошқа фольклор асарлари, шунингдек, урф-одат, удум, маросим, халқ оғзаки драмаси, халқ цирки сингари қадриятларимиз ҳақидаги маълумотлар ҳозирги кунда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланаётган “Туркистон тўплами”да жамланган. Масалан, Туркистон генерал-губернаторининг мафкуравий ишлар бўйича маслаҳатчиси Н.П.Остроумов “Сартлар”, “Сартларнинг мақол ва маталлари”, “Сарт эртаклари” номли қатор китобларини Санкт-Петербург, қисман Тошкентда чоп эттиргани бежиз эмас. Чунки чор Россияси идеологлари юртимизни янада чуқурроқ билиш ва ерли аҳолини бошқаришда унинг фольклор мероси қулай восита эканлигини жуда яхши билишган. Шунинг учун ҳам мустамлакачилар халқни хотирасидан иложи борича тезроқ маҳрум қилиб, ўрнини Ғарб маърифатини тарғиб қилувчи рус-тузем мактаблари, Европадаги томоша воситалари билан тўлдиришга зўр беришган. Бироқ миллий уйғониш даври ўзбек маърифатпарварларидан Элбекнинг “Лапарлар”, Ғози Олимнинг “Алпомиш” достони, “Алла” қўшиғи тўғрисидаги ўзбек фольклори намуналари ўша даврдаги “Билим ўчоғи”, “Маориф ва ўқитувчи” каби матбуот нашрларида чопэтилиши халқ оғзаки ижодининг миллий уйғонишда муҳим аҳамиятга эгалигини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, 1925 йилдан бошлаб Ҳоди Зарифов, Ғози Олим, Буюк Каримий ва бошқалар “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркум достонларини, халқ эртаклари, мақол ва маталлари, болалар фольклори намуналарини қишлоқма-қишлоқ, овулма-овул, шаҳарма-шаҳар юриб ёзиб олган эдилар. Улардан кейин етишиб келган фидоий фольклоршуносларимиз ҳам ҳозиргача бу эзгу анъанани давом эттиришмоқда.

Зеро, халқ ижодиёти, илм-фан қанчалик ривожланмасин, доимо булоқ сувидек покиза ва ҳаётбахшлиги билан инсон қалбини гўзал туйғулар билан суғориб бораверади. Шундай экан, Президентимиз таъбири билан айтганда, агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугундан барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келажак авлодлар, тарих бизни кечирмайди. Бунинг учун эса бундай нодир меросимизни фарзандларимиз қалбига болалигиданоқ эртаклар, китоблар, мультфильмлар ва турли ўйинлар орқали сингдириб боришимиз керак.

Саидқул Алимов,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти доценти,

ф.ф.н


1 485
ЎзА