ЎзА Ўзбек

14.09.2018 18:34 Чоп этиш версияси

Дори-дармон ишлаб чиқариш кўпаяди

Дори-дармон ишлаб чиқариш кўпаяди Наманганда масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Namangan-farm-plant” фармацевтика корхонаси ишга туширилди.

Айни пайтда Наманган вилоятида фаолият юритаётган “Merrymed Farm”, “Kamol-med-farm” фармацевтика корхоналарида 150 га яқин турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида “Merrymed Farm” корхонасида иккита янги цех – гофрокартон қутилар ва бўш ампулалар ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилди. 9 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилган ушбу лойиҳа асосида 60 янги иш ўрни яратилди.

7.jpg

“Namangan-farm-plant” корхонасининг иш бошлаши билан вилоятда ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотларининг тури ва ишлаб чиқариш ҳажми яна кўпаядиган бўлди. Вилоят марказининг шимолий саноат ҳудудида барпо этилган мазкур корхонада ампулали дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Умумий қиймати 6,3 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳани амалга ошириш учун таъсисчи ҳисобидан 2,3 миллион доллар сармоя киритилди ва 4 миллион доллар банк кредитидан фойдаланилди.

11.jpg

Корхонада Ҳиндистон, Германия, Хитой технологиялари асосида глюкоза, тренпентал, эуфиллин, баралгин, дексаметозон, В витамини, аскорбин кислотаси, магний сульфат, кальций глюконат каби 16 турдаги ампула, инъекция препаратлари ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг навбатдаги босқичларида маҳсулот турини йил якунига қадар 20 га ва уч йил ичида 96 га етказиш кўзда тутилган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 170 миллион дона ампулани ташкил этади. Лойиҳа амалга оширилиши билан 100 га яқин янги иш ўрни яратилди. Ишчиларнинг асосий қисми касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
2 590