ЎзА Ўзбек

14.08.2018 17:39 Чоп этиш версияси

Донишманд уйига Тинчликни биринчи киритди

Донишманд уйига Тинчликни биринчи киритди
Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Мойариқ маҳалласида яшовчи Жобир Алимов (исм шарифи ўзгартирилган) қўшни хонадонни анчадан буён кузатиб юрарди. Ким қачон ишга кетиб, қачон келишини яхши билган 24 ёшли йигит тунда хонадон деворидан ошади ва қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетаётганида хонадон бекаси уни кўриб қолади. Аммо тун қоронғиси панд бериб, ким эканини англай олмайди.

Шундан сўнг маҳалладаги кузатув камералари текширилди. Буни қарангки, “уддабурон ўғри” қаерда камера борлигини, ундан ҳимояланиш йўлларини яхши билган. Қидирув-суриштирув ишлари давом этаётган бир пайтда йигит Чилонзор туманидаги кафелардан бирида жанжал чиқарган. ИИБ ходимлари томонидан текширилган ва бармоқ излари олинган. Натижада унинг учта жойда амалга оширган жиноятлари фош этилган.

Унинг нотўғри қадам ташлаши, жиноят кўчасига кириши, ўз маҳалладошлари ишончини суиистеьмол қилиб, юзига оёқ қўйишига асосан ишсизлик сабаб бўлган.

Воқеа ўрганилиб, таҳлил этилгач, содир этган жиноятлари сабабли етказилган зарар унинг оила аъзолари томонидан тўлиқ қопланди. Унинг ёшлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, узоқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қисқа муддатли тартибга чақириш ишларидан сўнг озодликка чиқарилди.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғини профилактика катта инспектори Саъдулла Ҳакимовнинг маълумот беришича, бу ёш йигит билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ҳудуддаги “Иззат” хусусий корхонасида ишлаши, оиласи иқтисодига кўмаклашиш учун имконият яратилди.

– Маҳаллада 5 мингга яқин аҳоли бор, – дейди маҳалла оқсоқоли Эрйигит Бозорбоев. – Асосан ҳовли-жойлардан иборат ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш мақсадида аҳоли ҳамиша огоҳликка чақирилади. Лекин “гуруч курмаксиз” бўлмаганидек, улар орасида билиб-билмай хато қиладиган, жиноятга қўл ураётганлари ҳам учраб турибди. Лекин ўз айби ва камчилигини вақтида англагач, хатосини тузатишга уринмоқда. Шунинг ўзи катта гап.

Айни кунларда ушбу маҳаллада мустақиллигимизнинг 27 йиллигига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалий чора-тадбирлар кўрилаётир. Бу йилги байрам тантаналари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган. Маҳалла фаоллари ҳам қадрли, дунёда ягона, жонажон Ватанимиз тинчлиги, мустақиллигини асраб-авайлаш, унинг тараққиёти, халқ фаровонлиги учун ҳаракат қилмоқда.

Шукрки, мустақиллигимиз шарофати билан биз тинчлик-осойишталик, бунёдкорлик, аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ҳукм сурган, тараққиёт йўлидан дадил бораётган, оқилона ва одилона сиёсат юритилаётган юртда эмин-эркин яшаяпмиз.

Инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татирмиди.

Бундан уч йил олдин пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек бекатида 5 ёшлардаги бир болакайнинг катталар назоратисиз турганини гувоҳи бўлдим. Ундан нега ёлғизлигини сўраганимда ота-онаси билан истироҳат боғини айлангани келганини, сўнг у шошиб, катталарни кутмасдан метрога кирганини, улардан адашиб қолганини айтди. Бекатдаги масъул ходимлар, ички ишлар органи мутахассисларининг тезкор саъй-ҳаракатлари билан ота-она топилди. Бунга бекатдаги юртдошларимиз ҳам кўмаклашди.

Бу ўзаро меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат, қолаверса, инсоний фазилатлар, миллатимизга хос анъаналарнинг ёрқин ифодасидир.

Яқинда курсдошлар йиғиладиган бўлдик. Уларнинг орасида хорижни ҳавас қилиб кетганлар, оиласи, бола-чақаси билан мусофир юрганлари ҳам бор. Улар топиш-тутиши яхшилиги, турмуш шароити қулайлигини айтишди. Аммо фарзандлари тинчлиги, хотиржам ўйнаб-кулиши, қаровсиз қолиши хавфли эканини ҳам таъкидлади. Болани ёлғиз ўйнаши, уйда қолиши, таълим муассасаларига якка ўзи бормаслиги юзасидан барча чораларни кўриш шарт экан. Фарзандларингдан хавотир олиб, юрак ҳовучлаб юриш осон бўлмаса керак. У буни одам савдоси авж олганлиги билан изоҳлади.

Шундай пайтда болаларимиздан хавотир олмай ишда юришимиз, уларни қўни-қўшнига тайинлаб, уйда ёлғиз қолдиришимиз мумкинлигидан қувониб кетасан киши. Кўп қаватли уйлар атрофидаги болалар майдончаларида ўғил-қизларимиз катталар назоратисиз бемалол ўйнайди. Умумтаълим мактаблари, спорт мажмуалари, мусиқа мактаблари ва тўгаракларига бориб-келади. Юртимиздаги тинчлик-осойишталик сабаб улардан хавотир олмаймиз, фарзандларимизнинг ўзи ҳам ҳадикда юрмайди.

Ривоят қилишларича, донишманд хонадонини тақиллатиб келган Тинчлик, Бахт ва Омаддан бирини танлаш керак бўлганида, донишманд уйга Тинчликни биринчи киритган экан. Қолган иккиси унинг ортидан эргашишини айтган донишманд ҳақ. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, аввало, тинчликни таъминлашга эътибор қаратилди. Бу эса ортидан турмуш фаровонлиги ва барқарор ривожланишни бошлаб келди. Шунинг ўзиёқ тинчликнинг аҳамияти нечоғлик юксак эканини англатади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 469