Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 17:58 Чоп этиш версияси

Долзарб вазифалар белгиланди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси С.Отамуратов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, давлат органлари фаолиятида очиқликни, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганлиги, мамлакатимизнинг барча вилоятлари, туман ва шаҳарларида Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Фармонда белгиланган вазифалар ижроси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси, партиянинг барча даражадаги тузилмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

– Мазкур фармонда Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этишга доир аниқ вазифалар белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров. – Шу билан бирга Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга оширишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳам атрофлича ўрганилди.

– Ушбу фармон юртимиздаги фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, – дейди партия аъзоси Нодир Мухторов. – Бу ҳужжат кекса ёшдаги фуқароларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кекса авлоднинг юртимиз, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ролини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари мазкур ҳужжат Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси сайловолди платформасида белгиланган вазифалар, хусусан, халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик каби миллий қадриятларимиз тарғиботига асосланган лойиҳаларни амалга оширишда зарур дастуриламал эканлигини таъкидлади.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан партия фракцияси олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА






Все о погоде - Pogoda.uz