ЎзА Ўзбек

12.07.2018 21:06 Чоп этиш версияси

Долзарб масалалар муҳокама марказида

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўттиз саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Дастлаб халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг бўшаб қолган сайлов округларида 2018 йил 1 июль куни бўлиб ўтган депутатлар сайлови якунлари бўйича шаҳар сайлов комиссияси раиси Х.Каримовнинг ахбороти тингланди. Шу асосда “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг бўшаб қолган сайлов округларида ўтказилган депутатлар сайлови якунлари ва сайланган депутатларнинг ваколатларини эътироф этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Сессияда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси, бюджетнинг даромадлар базасини ошириш ва янги иш ўринлари барпо этиш бўйича 2018 йилнинг биринчи ярми бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Арипов ҳисоботи тингланди.

Ушбу масала бўйича қабул қилинган қарорда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда иқтисодий ўсишнинг юқори ва барқарор суръатларини сақлаб қолиш, айниқса, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмининг изчил ошишини таъминлаш мақсадида иқтисодиёт соҳасида йўл қўйилган камчиликларни ҳал этишда туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини жонлантириш кўрсатиб ўтилди.

Иқтисодиётда таркибий ўзгартиришлар ва диверсификациялашни чуқурлаштириш, янги юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини жадал ривожлантиришни таъминлаш, мавжуд қувватларни модернизациялаш ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларини жадаллаштириш қайд этилди.

Сессияда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган объектларнинг белгиланган муддатларда ишга туширилиши, дастур параметрларининг тўлиқ ва сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиш, лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ўрганиб бориш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Тошкент шаҳар Бандлик, Иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармалари, Статистика, Давлат солиқ бошқармалари, Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси, туман ҳокимликларининг 2018 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан таъсирчан мониторинг олиб бориши белгиланди.

Кам таъминланган оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлашда уларга оид маълумотларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг Миллий вакансия базасига киритиш ва ишга жойлаштиришга йўлланмалар бериш орқали маҳаллаларда аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшларни ишга жойлаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва ижроси таъминланиши зарурлиги қайд этилди.

Сессияда инвестиция, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан тушумларни кўпайтириш, фаолият кўрсатмаётган корхоналар ишини тиклаш ҳамда паст рентабелли ва зарарига ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини яхшилаш ишларини самарали йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда ички ишлар бошқармасининг Тошкент шаҳрида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида 2018 йил иккинчи чоракдаги фаолияти атрофлича муҳокама этилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондини ташкил этиш бўйича ҳоким ўринбосари Ш.Турдиқуловнинг ахбороти тингланди.

“Тошкент шаҳридаги Бодомзор йўли кўчасига буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов номини бериш тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар, шу жумладан, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи қонунлар бўйича атрофлича ахборот берилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг сессиясида кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 068