ЎзА Ўзбек

12.07.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Долзарб масалалар атрофлича ўрганилмоқда

Долзарб масалалар атрофлича ўрганилмоқда
Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги "Yoshlar – kelajagimiz" Давлат дастури тўғрисида"ги фармони ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бу соҳага фаол жалб қилиш учун ва бандликни таъминлашда янги истиқболларни очишни кўзлайди.

"Yoshlar – kelajagimiz" Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан мамлакатимиз бўйлаб штаб ва ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

Ёшлар иттифоқи маълумотларига кўра, ишчи гуруҳ ходимлари ёшларнинг қизиқишлари, орзу-истаклари, режалари, мавжуд муаммо ва камчиликларини чуқур ўрганиб, таҳлил этмоқда. Улар уйма-уй юриб, барча ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларга кўмаклашиш, кредитлар ажратилишида амалий ёрдам бериш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.

Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаб, аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш чораларини кўраётган штаб ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш билан бирга маълумотларни ҳам умумлаштириб бормоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам дастур ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Республика ишчи гуруҳи аъзолари Мўйноқ туманидаги ёшлар билан учрашди. Ёшлар иссиқхона ташкил қилиш, нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, кутубхона фаолиятини йўлга қўйиш борасида бизнес лойиҳаларини тақдим этди. Ёшларнинг 14 нафарига жами 1 миллиард 825 миллион сўмлик кредит ажратишга қарор қилинди.

Учрашувлар давомида ёшларнинг тилак-истаклари ҳисобга олиниб, Ёшлар иттифоқи томонидан Мўйноқ саноат-транспорт касб-ҳунар коллежида жойлашган «Ёшлар маркази» учун 10 тикув машинаси, 10 компьютер ва бошқа техник жиҳозлар, шунингдек, коллеж спорт зали учун инвентарлар ажратиш белгилаб олинди.

Н.Усмонова, ЎзА
8 764