ЎзА Ўзбек

08.09.2018 13:06 Чоп этиш версияси

Доимо соғлом бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Доимо соғлом бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Андижонда саломатликни тарғиб қилиш кунлари доирасида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, айниқса, турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” тадбири ҳам ана шулардан биридир.

– Тадбирнинг асосий мақсади, аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш, оилаларда, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришдан иборат, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шоҳрух Мамажонов. – Қолаверса, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини, тиббий саводхонлигини ошириш кўзда тутилган.

6.JPG

Вилоятда ушбу тиббий-ижтимоий акциянинг асосий тадбирлари Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят тиббиёт тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасалари, Андижон давлат тиббиёт институти, институт клиникаси мутахассислари, хусусий тиббий муассасаларнинг шифокор ва мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўрик давомида тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилаётир. Бундан ташқари, юртимиздаги қатор фармацевтика компаниялари ўз маҳсулотлари, соғлом турмуш тарзи тарғиботига оид кўргазмалари билан иштирок этмоқда.

250 нафардан ортиқ шифокор, 350 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари томонидан тадбирларга ташриф буюрган фуқаролар барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур тавсия ва маслаҳатлар олмоқда.

– Олти ёшли қизимнинг қулоғи оғриб, эшитиш қобилияти бироз сустлашиб қолган эди, – дейди шаҳрихонлик Ёқутхон Зокирова. – Маҳалламиз шифокори назорати остида даволаш муолажаларини олиб бордик. Бугунги тадбирда малакали отоларинголог-шифокор кўригидан ўтдик. Даволаш муолажаларини давом эттириш, қўшимча дори-дармонлар олиш зарурлиги ҳақида тавсия ва маслаҳатлар олдик.

10.JPG

Бу каби тиббий кўриклар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказий маданият ва истироҳат боғларида ўтказилмоқда.

“Саломатлик кунлари”нинг биринчи кунида 21 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар натижасида турли касалликлар борлиги аниқланган фуқароларга зарур тавсиялар, амбулатория-поликлиника ҳамда шифохоналарда даволанишлари учун йўлланмалар берилади. Шунингдек, турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, аҳолининг тиббий билим ва маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича суҳбатлар ўтказилиб, мавзуга оид буклет, қўлланма ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
4 594