ЎзА Ўзбек

10.06.2019 Чоп этиш версияси

ДХМ орқали олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёни қай тартибда амалга оширилади?

ДХМ орқали олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёни қай тартибда амалга оширилади?

“Тараққиёт стратегияси” марказида Давлат хизматлари агентлиги томонидан болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ва олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибидаги янгиликларга бағишланган брифингташкил этилди.

Тадбирда Давлат хизматлари агентлиги, Халқ таълими ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат тест маркази масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Авввал ҳам хабар берганимиздек, Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган эди.

Унга мувофиқ, абитуриентлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган олий таълим муассасаларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳужжат топшириши мумкин ва ушбу олий ўқув юртлари рўйхати ҳақида 5 кунлик муддатда таклиф Давлат комиссиясига киритилиши лозим.

photo5474176139808320194.jpg

Брифингда маълумот берилишича, Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат ОТМга ҳужжат топшириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади. 

Абитуриентлар ўзларининг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъий назар, исталган Марказга мурожаат қилиши мумкин.

ОТМларга ўқишга кириш учун ҳужжат ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) кўрсатилади. 

- Бу тартиб биз учун янгилик эмас, ўтган йили Тошкент Давлат юридик университетига ҳужжатлар марказларимиз орқали қабул қилиниб, жараён экспрементдан муваффақиятли тарзда ўтказилган эди – дейди Давлат хизматлари агентлиги бошкарма бошлиги Махмуд Абдижалиев. 7 мингта абитуриент ўз ҳудудидаги ДХМ га ҳужжатларини топшириб, белгиланган тарзда тест синовларида иштирок этган. Олий таълим муассасаларига ДХМ орқали ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини тадбиқ этилиши босқичма-босқич амалга оширилади. 

Ўқишга талабгор абитуриент ДХМ ходимига қўйидаги ҳужжатлар асл нусхаси тақдим этилади:

- фуқаролик паспорти;

- паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

- умумий ўрта таълим (11-синф), ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);

- имтиёзга эга бўлган абитуриантлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Ҳужжатлар асосида ходим керакли маълумотларни электрон тизимга киритгач, уларни абитуриентга қайтаради. Яъни ҳужжатлар Марказда қолмайди.

Абитуриент бир вақтда, ўқитишнинг бир шакли доирасида 3 тагача олий таълим муассасасини танлаши мумкин.

Давлат хизматини кўрсатиш учун жорий йил битирувчиларидан ва ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан тўлов ундирилмайди.

Тест синовлари ўтказилаётган йилдан аввалги йилларда таълим муассасасини тугатган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

5 811
Инобат Аҳатова, ЎзА