ДХХ катта миқдордаги хорижий валютанинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди
Мазкур хорижий валюталарнинг миллий валютадаги эквиваленти 14 млрд. 753 млн. сўмдан зиёдни ташкил этади.
ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё туманидаги “Сирдарё” чегара божхона постининг “Малик-авто” чегара назорат ўтиш пункти орқали Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикаси томон ҳаракатланаётган муқаддам судланган Қ.Абдурасулов бошқарувидаги “Mercedes benz” русумли автомашина божхона ходимлари кўригидан ўтиб, чегаранинг нейтрал ҳудудига етган вақтида, тўхтатиб текширилди.
Автомобиль холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида хуфёна усулда яширилган 1.136.000 АҚШ доллари, 77.830 евро ва 21.018.670 россия рубли борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди.
Мазкур хорижий валюталарнинг миллий валютадаги эквиваленти 14 млрд. 753 млн. сўмдан зиёдни ташкил этади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Сирдарё вилояти тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.