Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.08.2017 10:39 Чоп этиш версияси

Диллардан тилларга кўчган мамнунлик

Асрий анъаналаримиз, бой тарихимиз, халқимизнинг илм-фан соҳасида эришган ютуқлари, инсон тафаккурининг юксак маҳсули сифатида яратилган осори-атиқаларимиз, юксак дид ва нафосат соҳиби уста-ҳунармандлар асарлари ҳар қандай одамнинг эътиборини тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар буни алоҳида эътироф этади.

Ми Сио Ли ( Жанубий Корея):

– Марказий Осиё бўйлаб илк саёҳатимни Ўзбекистондан бошладим. Ҳозиргача Самарқанд, Бухоро ҳамда Хивада бўлдим. Авваллари юртингиз ҳақида кўп эшитганман. Аммо инсон ўз кўзи билан кўргандаги таассуротлари тамоман ўзгача. Бухородаги Пойи Калон мажмуаси ва унга ёндош обидалар, Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасида эртаклар мамлакатида юргандек ҳис қилдим ўзимни. Мафтункор табиат қўйнида, дилкаш ва меҳмондўст инсонлар билан суҳбат кишига завқ, руҳий озуқа беради. Тўғри, тилларимиз турлича, аммо халқингиз юзидаги мамнунлик, табиатидаги самимиятни англаш, ҳис қилиш учун тилмочга ҳожат йўқ.

Тарихий китобларда Самарқанд ҳақидаги маълумотларга кўп дуч келганман. Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали, дея таъриф берилади уларда.

Бугунги Самарқанд мозийларда муҳрланган таърифу тавсифга муносиб. Унда тарих ва замон уйғунлашган. Шарқ бозорлари, Афросиёб тепаликларию Регистон майдони, сўлим хиёбонлару фавворалар шаҳарга ўзгача кўрк ва улуғворлик бахш этган.

Ҳудудлардаги замонавий бино ва иншоотлар тимсолида мамлакатингиз ривожи, халқингизнинг азму шижоатига гувоҳ бўлдим. Энг муҳими, юртингизда тинчлик ҳукмрон. Шу маънода халқингизни чин маънодаги бахтли инсонлар дейиш мумкин.

Юрико Немото (Япония):

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Юртингизда тарихни ўрганиш, асрий анъаналарни асраб-авайлашга бўлган эътибор менда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон тарихи давлат музейида мамлакатингизнинг узоқ ўтмиши, тарихий илдизлари, ривожланиш босқичлари ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Тошкентни нон шаҳри, дея таърифлашар экан. Ўзбек халқи ўтмишнинг оғир дамларида кўплаб миллат ва элатларни бағрига олган, борини баҳам кўрган. Шу маънода Ўзбекистонни барча халқлар маданияти туташган замин десак, муболаға бўлмайди.

Самарқандга саёҳатим чоғида XI “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига ҳозирлик кўрилаётганига гувоҳ бўлдим. Самарқанд шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу фестиваль халқлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Шаҳарни завқланиб айландим. Айниқса, тунги Самарқанд оғушидаги Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланиб турган кўчалар янада мафтункор ва жозибали кўринар экан.

Японияга қайтгач, дўстларим ва яқинларимга Ўзбекистоннинг гўзаллиги, миллий санъатингизнинг сеҳри, жозибаси ҳақида сўзлаб бераман.

Сиддхартха Дей (Ҳиндистон):

– Дунёнинг кўплаб мамлакатларига, жумладан, Таиланд, Гонконг, Хитой, Сингапур, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликларига саёҳат қилганман. Улар мисолида ривожланган, бугунги технология имкониятларидан самарали фойдаланаётган шаҳарларни кўриш мумкин. Ўзбекистонга ташрифим менда улардан-да кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳиндистонда Ўзбекистонни тарихий мамлакат дея алқашади. Ҳозиргидек тарихда ҳам халқларимизни қардошлик, яқин қўшничилик, урф-одат ва анъаналардаги ўхшашлик боғлаб турган. Худди тарихда Мовароуннаҳрнинг моҳир уста ва меъморлар ижодидаги нафис ранглар уйғунлиги, нақшлардаги муштараклик каби.

Ўзбекистон сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга. Тошкент вилоятининг тоғли Чимён, Бурчмулла каби ҳудудларида бўлиб, туризм инфратузилмасининг барча тармоқлари қаторида экотуризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлдим. Мамлакатингизда қад ростлаётган замонавий меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор яқин истиқболда диёрингизни сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган мамлакатга айлантиришига ишонаман.

Юртингизни ҳали тарк этмаган бўлсам-да, бу ерга яна ва яна қайтиш ҳақида ўйлаяпман. Кейинги сафар оила аъзоларимни ҳам бирга олиб келишни кўнглимга тугиб қўйдим.

Ўзбекистонга саёҳатим доирасида, мамлакатингиз мустақиллик йилларида ҳар соҳада катта натижаларни, юксак марраларни қўлга киритганига амин бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, халқингизни яқинлашиб келаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги билан чин юракдан табриклайман.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 449






Все о погоде - Pogoda.uz