ЎзА Ўзбек

14.09.2018 16:22 Чоп этиш версияси

Дил изҳори битилган суратли суҳбат

Дил изҳори битилган суратли суҳбат

“... Энди сенга айтсам, бу заводнинг қурилиши элнинг бахти бўлди. Бурноғи йили мени Мустақиллик байрамида заводга олиб боришди. Зап чиройли жой бўлибди-да. Хўп томоша қилдим. Жуда катта бинода гумбирлаб катта бочка айланиб ётибди. Бошлиғидан бунинг нималигини сўрадим.

– Бобо, бу – тегирмон. Шахтадан олиб келинган рудаларни майдалаб беради, – деди. Қадимда тегирмонларнинг донни майдалайдиган дўли япалоқ тошдан ясаларди. Ҳамма томони ёпиқ бу тегирмоннинг дўлтоши қаердалигини сўрагандим:

– Бу ёпиқ тегирмон. Майдалайдиган аппарати ичида, – деди.

– Бўлса бордир. Барибир тушунишга ақлим етмайди...”

Тўқсондан ошган отахон тилидан ёзилган бу жумлалар ўқувчини завқини келтиради. Кейинги тасвирларни, ибораларни нафас олмай ўқишда давом этасиз. Бир зум бўлса-да чалғитишларини истамайсиз. Ишончимиз комил, бу ҳолат ҳозиргина сиз билан рўй берди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, китоб кимлар ҳақида ёзилди. Агарда эътибор қилсангиз, улар кўпинча машҳур инсонларга бағишланади.

Сиз, оддий одамлар, уларнинг ҳаёти, орзуси, қувончи ва армони ҳақида ёзилган ҳамда дилдан суҳбат қилинган суратли суҳбатни ўқиганмисиз?
Агар ўқимаган бўлсангиз, сизга ана шундай китобни - “Нур ёғилган юрт одамлари”ни тавсия этамиз.

Бу асар қаҳрамонлари юртини, ишлаб турган заводини жуда-жуда севади. Уларнинг орзу-умидлари ҳақида ўқир экансиз, беихтиёр ёдингизга ота уйингиз, қишлоғингиз, болалик дўстларингиз келиб, қанча вақтлардан ота маконга бормаганингиз, қадрдонларингиз билан учрашмаганингизни эслаб, уяласиз.

Ҳа, бу альбом-асарда замонамиз қаҳрамонлари билан сўзлашасиз, саволларингизга жавоблар оласиз. Албатта, ана шу жараёнда уларни яхши кўриб қоласиз.

Шу ўринда бу асарнинг муаллифларининг кимлиги билан қизиқаётган бўлишингиз, табиий. Абдурашид Нурмуродов – таниқли журналист, жамият ҳаётининг оғриқли муаммолари акс этган асарлари билан машҳур бўлган ёзувчи. Унинг “Уруш бевалари”, “Туташ қалблар”, “Болаликка отилган ўқ” сингари роман ва қиссалари ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутади.

Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош адабиётшунос ва методист олим сифатида илм аҳли орасида шуҳрат қозонган. Унинг “Йўл одами”, “Ёниқ сўз”, “Алпомиш талқинлари” каби китобларини кўпчилик эътироф этади.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 467