Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Диаметри 40 см бўлган дарахтни кесиш жаримаси 9 миллион сўм бўлиши мумкин

Диаметри 40 см бўлган дарахтни кесиш жаримаси 9 миллион сўм бўлиши мумкин Мамлакатимизда ўсимлик дунёси объектлари 4 минг 500 ва ҳайвонот дунёси 15 минг 700 турдан ортиқни ташкил этади. Улардан 324 тур ўсимлик ва 184 тур ҳайвонот дунёси объектлари Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси жорий йилнинг шу даврига қадар ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш бўйича 2 минг 345 назорат тадбири ўтказди. Натижада ўсимлик дунёси бўйича 2 минг 23, овчилик қоидаларининг бузилиши бўйича 264, балиқ овлаш бўйича 675 қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

Аниқланган 2 минг 716 ҳолат бўйича 385 миллион сўм жарима қўлланилган. Атроф-муҳитга етказилган зарар 3,76 миллиард сўм миқдорида ҳисобланган бўлиб, шундан 576,3 миллион сўм ундирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Тадбирда қўмита раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ноқонуний дарахт кесилиши ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратар экан, тизимда мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, фуқароларнинг кўп сонли мурожаатлари, таклифлари ўрганилиб, қўмита ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ўртасида “Тошкент шаҳри ҳудудидаги манзарали дарахт ва буталар муҳофазасини кучайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларининг олдини олиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини ажратишда дарахтлар ва кўп йиллик буталарни сақлаб қолиш тизимини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорнинг имзоланиши бу борадаги ишларни самарали ташкил этишга хизмат қилади.

– Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун белгиланадиган даъво суммалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун тўлов суммалари миқдорини халқаро мезонлардан келиб чиққан ҳолда индексация қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Н.Мўминов. – Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Албатта, бу жиддий масала ва улар қонун доирасида ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Дарахтларнинг ҳажмига қараб, масалан, диаметри 40 сантиметр бўлган бир дарахтни кесиш 755 минг сўм жарима билан белгиланган. Ҳозирги кунда бу борада ишлаб чиқилаётган чораларга мувофиқ, келгусида айнан шу диаметрдаги дарахт жаримаси 9 миллион сўмни ташкил этади. Бундай саъй-ҳаракатлар эса табиатимизни асрашга хизмат қилади

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисоби ва мониторингини юритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА