ЎзА Ўзбек

28.08.2018 12:11 Чоп этиш версияси

ДИҚҚАТ! Танловнинг 1-босқич ғолиби эълон қилинди

ДИҚҚАТ! Танловнинг 1-босқич ғолиби эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Давлат хизматлари агентлиги Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг 100 000-фойдаланувчисини мукофотлади.

Туғилганимиздан бошлаб ҳаётимиз давомида биз давлат хизматларини олиш жараёнига дуч келамиз. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, болани боғчага, кейинчалик мактабга жойлаштириш, СТИР ҳамда пенсия дафтарчасини олиш — буларнинг барчаси давлат хизматларидир. Юқорида айтилган хизматлар мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросининг ҳаётида учрайдиган ҳолатларнинг айримлари.

Бугунги кунда ҳукумат уларни кўрсатиш жараёнини соддалаштириб, уларни янада қулай, тезкор ва шаффофлигини таъминлашга интилади. Бу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали яратилди.

Дастлабки кунларданоқ Агентликнинг олдига қўйилган асосий мақсадларидан бири — жойларда тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш. Ҳеч қайси фуқаро эътибордан четда қолиши керак эмаслиги таъминланди. Шаҳар ва туманларда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилган бўлса, олис жойларда яшайдиган аҳоли пунктлари учун эса марказ ходимлари ҳар ҳафта “мобиль” давлат хизматларини кўрсатишлари йўлга қўйилган. Асосий мақсад — рақамли давлат хизматларига босқичма-босқич ўтишдир.

Бугунги кунда Ягона портал тўлиқ ишлаб турибди, унинг ёрдамида сиз ҳоҳлаган давлат хизматини уйдан чиқмасдан ёки иш жойдан узлуксиз, кун ёки тун — исталган вақтингизда олишингиз мумкин. Тан олиш керак, хизматларни олишнинг электрон усули энг оддий, қулай, тезкор ҳамда замонга ҳамнафас ҳисобланади. Чунки ундан фойдаланиш учун компьютер ҳамда интернетга кириш имкони бўлса бас. Фақатгина веб-саҳифани катакларини тўлдириш ва керак бўлган хизматга мурожаат қолдириш талаб этилади. Жавоби ҳам одатда онлайн тарзда келади.

Агар илгари у ёки бу хизматни олиш учун идораларга бир тўда қоғоз кўтариб ташриф буюриш, навбатларда туриш, бир хил ҳолларда эса яна қўшимча ҳужжатларни тўплаш керак бўлган бўлса, Ягона Интерактив Давлат Хизматлари Портали бу жараёнларни соддалаштиради — ҳужжатлар рўйхати максимал даражада камайиб, зарур бўлган маълумотнома олиш муддати қисқаради.

Бироқ, замонавий усулнинг ёрқин афзалликларига қарамай, бугун аҳолининг аксарият қисми ёки улар ҳақида билмайди, ёки рақамли ахборот воситасига ишонишмайди, ёки интернетга кириш имконига эга эмас (бу алоҳида масала).

Шунинг учун аҳоли ўртасида хизматлардан онлайн тарзда фойдаланишни оммалаштириш ва рағбатлантириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги томонидан электрон хизматларининг 100 000-фойдаланувчисини мукофотлаш ваъдаси билан танлов эълон қилинган эди.

АКТ вазирлиги берган маълумотга кўра, у — қизи Замира Абдупаттоевани болалар боғчасига жойлаштириш учун мурожаат қилган Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи Эргашев Соҳибжон Абдупаттоевич бўлиб чиқди ва замонавий планшет билан мукофотланди. Мамалакатимизда интернетдан фойдаланиш бир хил эмаслигига қарамасдан, олис аҳоли пунктида истиқомат қилувчи фуқаронинг мазкур танловда ғолиб бўлиши, фуқаролар электрон хизматлардан фойдаланиши осон, қулай ва тежамлилигини англаганликларидан далолат. Ҳатто узоқ ҳудудларнинг фуқаролари ҳам бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тушуниши, электрон хизматлардан фойдаланишга қаратилган тарғибот ишлари сезиларли натижаларни бераётганини англатади.

Шундай экан, инновация ва ахборот технология даврида давлат хизматларини электрон шаклда олиш, уни кўрсатиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ҳамда қулайлиги билан фарқланади. Мазкур соҳанинг янада ривожланиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини оширишга, аҳолининг кўрсатилган хизматлардан розилигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия 
вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги

ЎзА
3 565