ЎзА Ўзбек

09.08.2018 13:04 Чоп этиш версияси

“Deutsche Welle” академиясининг тажрибаси ўрганилди

“Deutsche Welle” академиясининг тажрибаси ўрганилди

“Тараққиёт стратегияси” марказида Халқаро пресс-клуб томонидан “Deutsche Welle” академияси вакиллари иштирокида “Замонавий журналистика учун кадрлар тайёрлаш: “Deutsche Welle” академияси тажрибаси“ мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

“Deutsche Welle” (“Немис тўлқини”) телерадиокомпанияси Германиянинг хорижий тингловчилар ва томошабинларга мўлжалланган йирик медиатузилмаси бўлиб, 60 мамлакатда 3 мингга яқин ходими фаолият олиб боради. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда “Deutsche Welle” телерадиокомпанияси аудиторияси қарийб 150 миллион кишини ташкил этади.

2004 йилда компаниянинг радио ва тележурналистлар малакасини ошириш маркази базасида академия ташкил этилган. Ушбу академиянинг асосий йўналишларидан бири замонавий ОАВни ривожлантириш, хусусан, халқаро стандартларга мос журналист кадрларни тайёрлашдан иборат.

Ўзбек журналистлари малакасини ошириш ва академия фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган давра суҳбатида Халқаро пресс-клуб раҳбари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжаев, “Deutsche Welle” академияси масъул ходими В.Рудник ва бошқалар замонавий журналистика ютуқларини оммалаштириш ва соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш медиатузилмаларни халқаро стандартлар даражасида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мамлакатимизда етук журналистлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Медиатузилмалар учун кенг имкониятлар яратилиб, замонавий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Соҳанинг қонунчилик базаси ислоҳ қилингани, жамиятда сўз ва фикрлар эркинлиги таъминланаётгани, ОАВлар фаолиятига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилаётгани ижодкорларнинг самарали фаолият юритиши учун муҳим замин яратмоқда.

– Ўзбекистонда бундан 10 йил муқаддам бўлганман. Кейинги йилларда юртингизда ҳукумат томонидан журналистика соҳасига қаратилаётган эътибор мени қувонтиради, – дейди “Deutche Welle” академияси координатори Лидия Ранерт. – Академиямиз жаҳондаги имкониятлари кенг бўлган давлатларга ўз ғоя ва ташаббуслари билан мурожаат этади. Ўзбекистон ҳам ана шундай давлатлардан биридир. Ўйлайманки, бизнинг ташаббусимиз ўзбек журналистикаси ривожига, соҳа мутахассислари ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Тадбирда соҳа вакиллари ўзаро фикр алмашди. Журналистларнинг саволларига академия ходимлари ва ташкилотчилар атрофлича жавоб қайтарди.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
5 995