ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Депутатнинг кўз ўнгида доим халқ туриши лозим

Депутатнинг кўз ўнгида доим халқ туриши лозим

Депутатнинг кўз ўнгида доим халқ туриши лозим. “Улар қандай яшаяпти, қандай қийинчиликларга дуч келаяпти, бу муаммоларни ечиш учун қандай йўл тутиш керак?” деган ўй-хаёллар унинг юрагини сира тарк этмаслиги лозим. Қайсики, депутатнинг юраги, виждони уйғоқ бўлсагина унинг қалбига ана шу туйғулар тинчлик бермайди. Туну кун безовта бўлади, гоҳида муаммо ечимини топади, гоҳида эса...

Ўзини ана шундай ташвишлар гирдобида ҳис қилаётган депутатни бир кўз ўнгингизга келтириб кўринг. У елкасидаги халқ юклаб қўйган масъулиятни кўтаришга ўзида журъат, шижоат топа олаяптими? Бунга билими, салоҳиятидан ташқари яна нимадир камлик қилмаяптими? Айнан ана шундай масалалар ечимига бағишлаб, яқинда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари учун ўқув-семинар ташкил этилгани нур устига нур бўлди.

Биз депутатлар учун бу ўқув-семинар жуда керак ва зарур эди. Буни Қашқадарё вилоят кенгашига турли сиёсий партиялардан сайланган 59 нафар депутат аниқ-тиниқ ҳис қилишди. Чунки унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар, уларни амалга оширишда вакиллик органларининг тутган ўрни ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева фикрлари жуда ўринли бўлди. У Мурожаатномадаги “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” ғояси ҳаётимиз мезонига айланиб бораётганини таъкидлар экан, янги ташаббусларни кўтариб чиқишда депутатларнинг ўрни ва роли ошиб бораётганини эътироф этди.

Ўқув-семинар доирасида Олий Мажлис Сенати раҳбарияти, қўмита раислари ва ўринбосарлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилгани биз учун жуда фойдали бўлди. Чунки, бу машғулотлар орқали маҳаллий Кенгаш депутатлари ва Сенат раҳбарияти, қўмита раислари ўртасида ўзаро тажриба алмашилди, қизғин мулоқотлар бўлди, таклифлар ўртага ташланди. Айниқса, иштирокчилар учун “Тайм менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш”, “Мулоқот самарадорлиги”, “Қарорлар қабул қилиш” мавзуларида махсус тренинглар ўтказилгани ҳам фикр доирамизни кенгайтирди, янги давр руҳига мос фаолият олиб бориш ёндашувини шакллантирди.

Маърузаларда маҳаллий Кенгаш депутатлари билиши ва англаб етиши жуда зарур бўлган муҳим тушунчалар ҳақида айтилди. Хусусан, “5 муҳим ташаббус –ижтимоий соҳа кластери” мавзудаги сабоқлар бизни жуда қизиқтириб қолди. 2019 йилда Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва ҳаётимизга чуқур жорий этилаётган 5 муҳим ташаббус моҳият эътиборига кўра, дунёда аналоги бўлмаган ижтимоий кластердир. Ижтимоий кластернинг етиштирадиган “маҳсулоти” бу – инсон бўлиш йўлидир. Зеро инсон бўлишнинг муҳим шарти эса ҳалоллик мезони билан тавсифланади. Бунда “Депутат ҳалоллиги”, “Давлат хизматчиси ҳалоллиги”, “Суд –ҳуқуқ тизими ходими ҳалоллиги”, “Ўқитувчи ҳалоллиги”, Тиббиёт ходими ҳалоллиги” ва “Ота она ҳалоллиги” категориялари аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.

Машғулотлар жараёнида “Тараққиёт нима?” деган саволга жавоб излангани ҳам фикр ва мулоҳазаларимизни бойитишга хизмат қилди. Хулосалар бўйича тараққиёт: “Инвестиция”, “Илм-маърифат”, “Маслаҳатлашув” деб талқин қилинди. Лекин бу хулосаларга “Жамоавий ҳаракатлар” омилини ҳам қўшиб қўйиш зарурияти борлиги айтилди. Буюк француз сиёсатшуноси Алексис де-Токвиль айтганидек, “Энг демократик давлат бу - фуқаролари мақсадга етишида ўзаро маслаҳатлашиш асосида иш кўрадиган, жамоавий ҳаракат усулини кўп қўллайдиган мамлакатдир”. Бу ҳақда сўз юритганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини ҳам келтириб ўтиш ўринлидир: “Ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамаотчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак. Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқулдир...”

Бу хулосаларга таяниб айтиш мумкинки, депутатнинг аҳоли билан мулоқоти, муаммоларни аниқлаш хамда ҳал этиш чоралари, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш кўникмалари, инвестиция ва ҳудудни ривожлантиришга доир бошка ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш борасида ҳам жамоатчилик фикрини назардан қочирмаслик лозим.

Маҳаллий Кенгашларимиздаги муаммолардан бири бу – ўзаро ҳамкорлик тизимининг мавжуд эмаслигидир, дея таъкиланди ўқув-семинарда. Шунинг учун, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ва Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорлигини кучайтириш, ҳамкорлик юзасидан янгича механизм ишлаб чиқиш зарурати мавжудлиги айтилди. Шу билан бирга қонун лойиҳалари барча маҳаллий Кенгашларимизда дастлабки тарзда кўриб чиқилиши, қабул қилинган қонунларимиз юзасидан кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши керак, энг муҳим бу ишлар номиганина ўтказилмаслиги лозим. Яқинда республикамизда олий таълим муассасалари ректорлари илк маротаба маҳаллий Кенгашларга ҳисоб берди. Миришкор тумани Кенгаши O'zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан туман ҳокимининг ўз вазифасига нолойиқлиги ҳақида қарор қабул қилингани ҳам депутатларнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу маҳаллий Кенгашларимиз учун ҳам, депутатларимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам катта ижобий янгилик бўлди.

Бу каби фаолиятимизни изчил давом эттириб, 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз муддатида адо этишга ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Шуҳрат ТУРСУНОВ,
O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, иқтисод фанлари номзоди.

850
ЎзА