ЎзА Ўзбек

08.11.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Депутатлар жамият ривожига хизмат қиладиган масалаларни кўриб чиқдилар

2018 йил 8 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Мажлисда депутатлар ишни “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасидан бошладилар. Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мазкур соҳани ривожлантириш, сифатли ва ҳосилдор маҳсулотлар уруғларини етиштириш ишларини кенгайтириш, уларни халқаро бозорларда илгари суришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган. У уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш ҳамда уруғлик экспорти учун қулай шарт-шароитлар яратишни ҳам кўзда тутади.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида уруғчиликнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий инновацион лойиҳаларни жорий этиш, уруғлик генафондини сақлаш, уруғлик етиштирадиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналар тармоғининг самарадорлигини янада ошириш, уруғларни реализация қилиш ҳамда экспорт кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ҳозирда амал қилиб турган мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги консуллик муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави 22 йил муқаддам, 1996 йил 29 августда қабул қилинган қонун билан тасдиқланган. Ўтган давр мобайнида миллий қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, шунингдек, ҳозирги кунда шаклланган амалиёт, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормаларини инобатга олган ҳолда, даврнинг ўзи мазкур ҳужжат такомиллаштирилишини тақозо этмоқда. Шу муносабат билан парламент қуйи палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави янги таҳрирда тайёрланди ва унда консуллик фаолиятини амалга оширишнинг, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элдаги фуқароларимиз ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича функцияларининг ҳуқуқий-ташкилий асослари белгилаб берилмоқда. Унда консуллик муассасалари ҳуқуқий мақоми ва тоифаларининг аниқ ифодалангани ушбу муассасаларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришига, консуллик мансабдор шахслар фаолияти самарадорлигини таъминлаш, масъулиятини ҳамда ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини оширишга, пировардида мамлакатимиз манфаатларини, фуқароларимиз ва юридик шахслар ҳуқуқларини ишончли муҳофазалашга эришишга хизмат қилади.

Шундан сўнг қуйи палата депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги (EFSA) таҳлилларига кўра, 18-29 ёшда бўлган йигит ва қизларнинг 70 фоизи энергетик ичимликларни алкоголь маҳсулотига қўшиб ичиши маълум бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ичкиликбозлик алкоголнинг ўзидан заҳарланишдан кўра анча хавфлироқ. Олинган хулосаларга кўра, энергетик ичимликларни доимий равишда истеъмол қилиш вояга етмаганларда юрак хуружлари кучайишига, кўриш қобилияти сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлади.

Депутатларнинг фикрича, таклиф қилинаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалдаги қонун ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқни тўлдириш билан бирга, қувват берувчи ичимликларни реклама ва реализация қилиш ишлари устидан самарали назорат ўрнатиш механизмларини қўллашга кўмаклашади.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига киришдилар.

Йиғилишда қайд этилганидек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Депутатлар фикрича, таҳлиллар “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги ҳамда “Ўрмон тўғрисида”ги қонунларнинг нормалари жамоатчилик назорати субъектлари доирасини чеклаб қўяётганини кўрсатмоқда. Кўрилаётган қонун лойиҳаси билан қонун ҳужжатлари нормалари ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш мақсадида юқорида келтирилган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда муҳокама этилган яна бир ҳужжат – “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 17-бандида белгиланган топшириққа асосан ишлаб чиқилган. Унга биноан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 107-моддасига карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини ва бошқа хил қоидаларни бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса, уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш таклифи киритилмоқда. Кодекснинг 108-моддасига эса чет мамлакатлардан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни ташиб чиқиб кетиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш таклифи киритилмоқда. Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса, етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш бўйича қўшимча киритиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши белгиланган нормаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини кучайтириш, ўсимликларнинг карантини бўйича чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, ўсимликлар карантини ва фитосанитария талаблари бажарилишини тўлиқ таъминлашга ёрдам беради.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

1 418