ЎзА Ўзбек

18.07.2019 Чоп этиш версияси

Депутатлар Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш ваколати Қонунчилик палатасига берилиш таклифи билан чиқди

Депутатлар Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш ваколати Қонунчилик палатасига берилиш таклифи билан чиқди

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида айтилди.

– Бу йилги ёз фасли камдан-кам кузатиладиган иссиқ ҳарорат билан ўтмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов. – Ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши автомобиль ҳайдовчиларига қийинчилик туғдирмоқда. Фракциямиз аъзолари ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш мақсадида муҳим таклифни илгари сурди. Маълумки, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланган. Лекин буни 55 фоизга тушириб, ҳайдовчидан давлат божи ундирмасдан термал плёнкадан фойдаланишга рухсат бериш керак. Бунинг учун эса Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишга тўғри келади. Мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 55 фоизга туширилса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзаллик туғдиради. Ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкин.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.

Депутатлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган автомобиль ойналари тусини ўзгартириш (тонировка) масаласини ҳам муҳокама қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари, юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Депутатларнинг аксарияти пул эвазига автомобиль ойналарини қорайтиришга қаршилигини билдирди. Йўловчилар хавфсизлиги ўйланган ушбу қарорга кўра, ойналарни қорайтириш қимматлиги ва ҳаммага бир хил эмаслиги танқид қилинди.

Таъкидланишича, Йўл ҳаракати қоидаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори орқали эмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тасдиқлаши керак. Бу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмаса, қарорларга исталган вақт ўзгартириш киритилаверади.

4 997
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА