Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 17:31 Чоп этиш версияси

Депутатлар тиббиёт масалаларини муҳокама қилди

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи муассасалар алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт соҳаси мутахассислари билан бўлган учрашув ва видеомулоқотда соғлиқни сақлаш тизимида ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор вазифаларни илгари сурди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида парламент қуйи палатаси қарорига асосан Қонунчилик палатаси ҳузурида ва вилоятлар, туман ҳамда шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссиялар тузилди.

Ушбу комиссиялар ташаббуси билан жойларда соғлиқни сақлаш тизимини чуқур таҳлил қилиш асосида соҳадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат таркибда тузилган ҳудудий ишчи гуруҳлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги назорат таҳлил фаолиятини амалга оширишда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатаётир.

Депутатлар Бухоро вилоятининг қатор ҳудудлари, жумладан, Бухоро шаҳрида бўлиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, ихтисослаштирилган шифохоналар фаолияти, патронаж хизмати аҳволини ўрганди. Ўрганишлар якунлари халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг сессиясида муҳокама этилди.

Бухоро шаҳрида 10 оилавий, битта марказий поликлиника, шаҳар марказий шифохонаси ва туғруқ комплекси фаолият юритиб, 287 мингдан ортиқ аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда 1 минг 670 дан ортиқ шифокор ва ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилаётир. Улар даволаш ишлари билан бирга, профилактика тадбирлари ҳам олиб бормоқда. Аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини такомиллаштирган ҳолда хонадонларда бўлиб, уй ва ҳовлилардаги тиббий-ижтимоий ҳолатни ўрганиб, турли касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқламоқда. Айни пайтда уларни бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий маданиятни оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Сессияда ҳали соҳада қатор муаммолар ҳам борлиги қайд этилиб, уларнинг ечими бўйича фикр алмашилди.

– Шаҳар ҳудудидаги айрим вилоят ихтисослаштирилган шифохоналарида камчиликлар мавжуд, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов. – Вилоят перинатал марказида даволаш ишлари яхши йўлга қўйилган бўлса-да, баъзи дорилар етишмайди, шифохона чиқиндиларни йўқотиш учун мўлжалланган муфель печига эга эмас. Шу боис бу тадбир бошқа тиббиёт муассасасида амалга оширилади. Вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонаси моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги биноларни реконструкция қилишни талаб этмоқда. Жойларда тиббий хизмат маданияти борасида ҳам муаммолар мавжуд. Шаҳардаги оилавий поликлиникалар патронаж ҳамширалари фаолияти мониторингини юритиш, айрим муассасалардаги санитария ҳолатида ҳам камчиликлар бор. Қуйи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши сифатини янада яхшилаш зарур. Ана шу ва бошқа муаммолар ечими Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси мутасаддилар зиммасига катта масъулият юклайди.

Сессияда соҳа ташкилотлари раҳбарларига оилавий поликлиникалар ҳудудларида аҳоли учун зарур бўлган арзон ва сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари сотувини йўлга қўядиган ижтимоий дорихоналар ташкил этиш, поликлиникаларни юқори малакали врач-лаборант, эндокринолог-врачлар билан таъминлаш, мазкур муассасаларда фаолият кўрсатаётган умумий амалиёт шифокорлари ва тор доирадаги мутахассисларнинг малакасини тизимли равишда ошириб бориш вазифалари юклатилди.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва бошқа тегишли ташкилот ҳамда муассасалар мутасаддиларининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти ва соҳадаги қонунчиликни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ҳисоботларини халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиялари ва мажлисларида эшитиб борилишини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

– Тиббиёт муассасаларининг репродуктив саломатлик, хонадонлардаги тиббий-ижтимоий ҳолатни ўрганиш, умуман, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ечимини кутаётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан доимий амалий мулоқоти муҳим аҳамиятга эга, – дейди Бухоро шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳурмат Азимова. – Сессияда оилавий поликлиникалар раҳбарларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари қўшма йиғилишларидаги ҳисоботларини муҳокама қилиш амалиётини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилгани тиббий хизмат сифати ва касалликларнинг олдини олиш тадбирлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 610






Все о погоде - Pogoda.uz