Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.08.2018 22:30 Чоп этиш версияси

Депутатлар мунозараси: нима таклиф этилди?

Депутатлар мунозараси: нима таклиф этилди?
Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан айрим қонун лойиҳалари муҳокамаси юзасидан мунозара ташкил этилди.

Тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган "Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги ва "Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунлари лойиҳалари муҳокама этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 642 таси бевосита ёшлар ва болалар манфаатини ифодалайди. Аҳолининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача фуқаролар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакат ёшларини тўлиқ қамраб ололмайди. Шу сабабли, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятининг кафолатини янада мустаҳкамлаш талаб этилади. Айни ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, «Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасининг долзарблиги, уни қабул қилишдан кутилаётган натижалар, молиявий маблағларни талаб қилиши, ёшлар ва болалар масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўрсатадиган таъсири юзасидан баҳс-мунозаралар олиб борилди. Шунингдек, тадбирда «Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди.

Иштирокчилар фикрича, Конституция, Оила, Меҳнат кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатлари юртимизда аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди. Шу билан бирга, лойиҳа муаллифлари аёлу эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлайдиган ягона қонунни қабул қилиш таклиф этилмоқда. Унда бу борадаги кўрсаткичлар статистикасини юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер экспертизаси ва бошқа қоидалар ўз аксини топади.

Қонунлар лойиҳалари юзасидан кечган баҳс-мунозараларда ўз позициясини билдирган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ёшлар ва болаларнинг ижтимоий ҳаётда шаклланиши, ривожланиши ва ўзини намоён этиши соҳасидаги ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, рағбатлантириш механизмларини шакллантиришни муҳим аҳамиятга молик масала деб ҳисоблашини маълум қилди. Фракция, биринчи навбатда, “ёшлар парламенти” механизмини, ёшлар муаммоларини ўрганиш ва улар ҳақида ваколатли давлат органлари ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш ҳамда Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятига ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунчилик нуқтаи назаридан тартибга солишга кўмаклашиш учун ташкил қилинадиган ННТ шаклларини жорий этишга эътибор қаратди.

«Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан мунозарага киришган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари эса, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида ушбу йўналишдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини самарали амалга ошириши учун давлат мулкидан беғараз фойдаланиш, моддий жиҳатдан барқарорлигини таъминлашда субсидиялар ажратиш, молиялаштириш асосларини янада такомиллаштириш ҳамда уларда волонтёрлик фаолиятини олиб боришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси «Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйишни таклиф этади. Боиси ёшлар ва болалар манфаатларига доир барча масалаларни қамраб оладиган, тегишли давлат дастурларини амалга оширишда ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли жуда муҳим. Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ёшлар, болалар, жумладан, ногирон болалар манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, партия фракцияси қонун лойиҳасида болалар – ногирон болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни аниқ белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ, деган фикрни илгари сурди.

Шунингдек, фракция аъзоларининг фикрича, «Аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси БМТнинг хотин-қизларга нисбатан дискриминациянинг олдини олиш бўйича тавсиялари ва миллий қонунчиликни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилаётган бўлиб, камчиликлардан холи эмас. Лойиҳада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа органлар, ННТлар, давлат ташкилотларининг ваколатлари қатъий белгилаб қўйилиши, мутахассислар, кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олиб такомиллаштирилиши талаб этилади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси Сайловолди дастурида аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, аҳоли турли қатламлари манфаатларини рўёбга чиқарадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланганидан келиб чиқиб, фракция иккала қонун лойиҳасидаги асосий ғояларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шу билан бирга, «Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 16-моддасида Олий Мажлис ҳузуридаги Фонд маблағларинингг 30 фоизидан кам бўлмаган қисми ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилиши белгиланаётгани, бироқ бу маблағларни ажратиш грант, ижтимоий буюртма ва субцидия шаклида амалга оширилиши, улар танлов асосида ажратилиши ҳисобга олинмаганини қайд этди. Фракция ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларини тартибга солиш, уларнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари лойиҳада янада мукаммал акс эттирилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

«Ёшлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлашда биринчи навбатда миллий тажриба, шунингдек, хориж тажрибаси ўрганилмагани, айрим моддалари тўлиқ асослаб берилмагани, ҳам юридик ҳам сиёсий нуқтаи-назардан маромига етказилмагани, тушунчаларда ғализлик борлиги ва қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди.

Баҳс-мунозара якунида иштирокчилар қонун лойиҳаларининг ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, улардаги айрим камчиликларни ҳам санаб ўтишди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 397