ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Депутатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Депутатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

2019 йил 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг аксарияти ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий йўналишда эканлиги билан ажралиб туради.

Депутатлар дастлаб “Кредиторларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси юртимизда тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, мамлакатимизнинг иқтисодиёт борасидаги халқаро рейтингини тобора ошириш мақсадида мулкни гаровга қўйиш, лизингга ёки мажбуриятни таъминлашнинг бошқа шаклларига беришнинг амалдаги механизмларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутади. Шундан келиб чиқиб, амалдаги айрим қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинди.

Депутатлар томонидан берилган таклиф-мулоҳазалар ҳамда норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш мобайнида унга бир қанча таҳририй тузатишлар киритилди, матндан 30 дан ортиқ банд чиқариб ташланди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Пул-кредит сиёсати ва уни қўллаш амалиётини тубдан такомиллаштириш, нархлар барқарорлигига қаратилган ҳаракатларни кучайтириш, жумладан, амалга оширилаётган чоралар асосида асоссиз инфляцион ҳолатларининг олдини олишга қаратилган мазкур лойиҳа жорий йилнинг 2 май куни биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Кейинги муҳокамалар давомида депутатлар томонидан айрим эътирозлар билдирилди. Шунга кўра, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш мобайнида депутатлар кўтарган барча масалалар чуқур ўрганиб чиқилди, муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий банкнинг тижорат банкларидаги вакили институти тўғрисидаги модда тўлиқлигича, шу билан боғлиқ бўлган нормалар, пруденциал нормативлар тўғрисидаги модда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўтказилиши муносабати билан мазкур модда ҳам, у билан боғлиқ бўлган қатор нормалар, жами 4 та модда лойиҳадан чиқариб ташланди. Бундан ташқари, иккита янги модда лойиҳага киритилди ҳамда лойиҳа матни 30 дан ортиқ таҳририй ўзгартириш ва тузатишлар киритилган тарзда қабул қилинди.

Шундан сўнг депутатлар “Мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим бериш ва тарбиялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, узлуксиз таълим тизимининг энг муҳим ва ҳал қилувчи бўғини – бу боланинг соғлом ва баркамол шахс сифатида шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилишига хизмат этувчи мактабгача таълим соҳасидир. Шундан келиб чиқиб, юридик шахсларга нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бериш, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, улар фаолиятини рағбатлантириш ва масъулиятини ошириш, индивидуал таълим хизматлари кўрсатиш учун шароит яратиш, ривожланган давлатларнинг тажрибасини миллий таълим тизимига интеграциялаш зарурати мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тақозо этди.

Қонун лойиҳаси билан илгари амалда бўлган бир қатор қоидаларга ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, мактабгача ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиш жараёни алоҳида босқичларда бўлиши белгилаб берилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг таснифи, улар фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш соҳасида давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини амалга ошириш асослари мустаҳкамланмоқда. Хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, оилада таълим олиш имконини берувчи оилавий мактабгача таълим муассасасини жорий қилиш, шунингдек, болаларнинг яшаш ёки доимий рўйхатга олинган жойидан қатъий назар, мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш тартиби таклиф қилинмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида мактабгача таълим тизимида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш имконияти яратилади, тизимни янада такомиллаштириш ва мактабгача таълимнинг халқаро ҳамжамият билан интеграциялашуви учун кенг имкониятлар очилади, таълим сифати сезиларли даражада яхшиланади.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамаларга бой бўлди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва уларни камситишга йўл қўймаслик, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш, таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларини таъминлаш лойиҳанинг бош мақсади этиб белгиланган. Ушбу лойиҳа БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.

Депутатларнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг барча жабҳаларини қамраб оладиган ушбу лойиҳа бир қатор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Улар ҳар соҳада ўзларини шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, барча тадбирларнинг бевосита иштирокчиси деб ҳис қила бошлайдилар. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит – бинолар, транспорт, ахборот-алоқа, шунингдек, ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит, соғлиқни сақлаш, таълим хизматларидан фойдаланишга имкон яратади. Уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам берилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш, ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини оширишга кўмаклашади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун эркаклар билан тенг шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш, турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, аёлларнинг социал-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари тенглигини қонун даражасида кафолатлаш таклифи билдирилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу ташаббуси ва ғояси асосида ишлаб чиқилган ҳамда палата мажлиси кун тартибига киритилган “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан талабчанлик билан муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинаётган ушбу қонун лойиҳаси жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имконият яратишни таъминлашга қаратилган. Шунингдек, лойиҳада гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, мутасадди органларнинг ваколатлари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, бундай тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган. Лойиҳа билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланмоқда.

Баҳс-мунозара, тортишувларга бой кечган яна бир масала “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси асосида тайёрланган ушбу лойиҳа ҳам азалдан муқаддас деб билинган Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келиниши, аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига ҳурмат-эътибор ифодасидир, деган қарашнинг амалдаги инъикоси бўлди. Дарҳақиқат, ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр
талабига айланмоқда.

Қатор қонун ҳужжатлари зўравонлик қилиш, шахсга нисбатан жисмоний куч ишлатиш жиноий қилмиш ҳисобланишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик қилиш ҳолларига етарлича эътибор берилмайди. Шу боис ҳам руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонун йўли билан тартибга солиш талаб этилмоқда. Бу масалаларни тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун мавжуд эмаслиги эса давлат органларига тизимга солинган комплекс статистика олиб бориш имконини бермаяпти.

Мазкур қонун лойиҳаси ана шу муаммоларга барҳам беришга, хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бундан ташқари, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар акс эттирилган. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ кўрсатилиб, бу соҳадаги ваколатли органлар белгилаб берилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати

9 694
ЎзА