ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Депутатлар Ибрат мактабига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Қонунчилик палатаси депутати И.Ҳожиев Наманган давлат университети қошидаги хорижий тилларга ихтисослашган Ибрат номидаги мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди.

Депутатлар дастлаб Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасини зиёрат қилди. Мажмуа таркибидаги мактаб-интернат, муассаса қошидаги тиллар маркази фаолияти билан танишди. Мактабда умумтаълим фанлари ва инглиз, немис, француз, рус, араб, хитой, корейс тиллари филологияси чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Депутатлар билан мактаб-интернат педагогик жамоаси ва ўқувчилари ўртасида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти хусусида давра суҳбати ўтказилди.

– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланади, – деди А.Саидов. – Бунинг замирида бизнинг миллий инсонпарварлик менталитетимиз ётади. Инсон ҳуқуқлари, аввало, Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Бугун ушбу мактаб фаолияти мисолида ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш учун яратилган замонавий шароитларнинг ёрқин ифодасини кўриб турибмиз.

Тадбирда депутатлар ўқувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

“Ёшлар – келажак бунёдкорлари” шиори остида ўтказилаётган бу каби тадбирлар эртанги кун эгаларининг маънавиятини юксалтириш, уларда ёт ғоялар таъсирига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ёшларни инновацион ғоялар доирасида фикрлашга ўргатишда муҳим аҳамият касб этади.

3 006
Акрамжон Сатторов, ЎзА