ЎзА Ўзбек

12.07.2018 20:48 Чоп этиш версияси

Депутатлар бир йил ичида ижтимоий тармоқларда нималар деди?

Бугун — 2018 йил, 12 июль. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис депутатларига ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, фаол бўлишлари борасида кўрсатма берганига ҳам тўлиқ бир йил бўлди.

120 га яқин депутат орасида интернет саҳифаларида баъзилари фаол, яна кимлардир камнамо ва ҳатто номига рўйхатдан ўтган халқ вакиллари ҳам топилади. Қолаверса, бир йил ичида депутатлар фейсбукдаги саҳифалари орқали бир қанча интернет сайтлари учун “қайноқ” мавзуларга муаллифлик қилмоқдалар. Яна қайсидир депутатлар оламшумул жанжал манбаига ҳам айланиб улгиришди.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқлардаги фаол депутатлар озми-кўпми ўз-фикр мулоҳазалари, муносабатлари билан жамоатчиликда баҳс-мунозара уйғотишга туртки бўлмоқдалар. Бир йил кичик муддат эмас. Демак, “ғалвирни сувдан кўтарамиз”. Қайси халқ вакиллари ижтимоий тармоқда фаол ва қандай ўзгаришлар қилишга эришди?

ТАДБИРБОЗЛИКДАН ЧАРЧАМАДИНГИЗМИ?..

Аксарият депутатлар ўз саҳифаларида тадбирлардан лавҳалар жойлашда жуда фаол. Лекин ҳурматли, Олий Мажлис вакиллари биз ТВ орқали тадбирларни кузатишдан чарчаганмиз. Бизга бироз раҳм қилинг. Иложи бўлса, саҳифангизга “конкрет” масалаларнинг ечимини ёки муҳокамасини жойланг. “Фалон мавзу бўйича тадбир бўлиб ўтди”, каби икки оғиз гап ва уч-тўртта сурат билан халқни алдаб бўлмайди. “Ўрганиш ишлари олиб борилди”, “Тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, “Давра суҳбати ўтказилди” каби “мағзава” гаплар билан тўлдирилган саҳифалар одамлар учун қизиқ эмас.

Олий Мажлис депутатлари Илҳом Абдуллаев, Абдураҳим Қурбонов, Мавлуда Ходжаева, Иброҳим Ходжиев, Зулайҳо Акрамова, Турсунпўлат Норбоевлар саҳифалари асосан ана шундай тадбир ва мажлислар мавзуси билан тўлдирилган. Йил давомида уларнинг айни бир мавзуга бўлган муносабатларини кузатмадик. 

Бироқ Иброҳим Ходжаев, Абдуғани Умиров, Шуҳрат Шарафутдинов, Расул Кушербаев, Қодир Жўраев, Рашид Қодиров, Жамшид Пирматов, Акмал Умрзоқов, Акмал Бурҳонов, Муҳаррам Дадаходжаеваларнинг қишлоқма-қишлоқ туну кун халқ орасида одамларнинг муаммоларини ўрганиб юрганлари акс этган суратларини кузатиш мумкин.

депутат2.jpg

Яна депутатларнинг уйма-уй ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга совға улашиб юрганликлари ҳақида ҳам саҳифаларида фотодалиллар кўп. Бироқ савол туғилади: совға улашиш билан муаммони ҳал этиш мумкинми? Назаримизда, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга совға улашиш эмас, балки уларни иш ёки ўқиш билан таъминлаш лозим. Уларга доимий даромад олишга имконият яратиш лозим эмасми? (Одатдаги нафақадан ташқари)

ДЕПУТАТНИ ХАЛҚ ТАНИЯПТИМИ? 

Ижтимоий тармоқдаги депутатлар саҳифасини таҳлил қилар эканмиз, Олий Мажлис депутатлари Расул Кушербаев, Қодир Жўраев, Абдурашид Абдуқодиров ва Акмал Умрзоқовларни энг зўр тўртлик деб тан олиш мумкин. Ушбу исмлари зикр этилган халқ вакиллари йил давомида баъзи қонун ости ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга ундадилар, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳар бир мавзуда фикр-мулоҳазалар билдиришди, лўнда қилиб айтганда, халқ дардини Олий Мажлис деворлари ортига олиб кирдилар.

ҚОДИР ЖЎРАЕВ, РАСУЛ КУШЕРБАЕВ, АБДУРАШИД АБДУҚОДИРОВ

22228130_1463062837133897_2066813873613910189_n.jpg

Олий Мажлис депутатлари Қодир Жўраев ва Расул Кушербаев юридик шахсларга тегишли ҳар икки йилда автомобиль ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича ва малака ошириш биргина фирмага тегишли эканлигини кўрсатувчи 2017 йил 4 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини антимонопол қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича депутатлик сўровини йўлладилар. Энг аҳамиятлиси, қарорни бироз бўлса-да ўзгартиришга эришдилар.

Расул Кушербаев ижтимоий тармоқлар орқали “Менинг юртим” телеканали орқали сайилгоҳдаги севишганларни эфирга узатилишига ҳам кескин муносабат билдирди. Шунингдек, у ТВ орқали узатилаётган кўрсатув ва киноларга 16, 18+ белгиларини қўйиш ва чилим, энергетик ичимликларни чеклаш бўйича ўз муносабатларини билдирган ва уни қонун даражасига олиб чиқишга эришди. 

Расул Кушербаев ҳар йили ўтказилиб келинадиган “Олтин қалам” миллий мукофоти бўйича ҳам танқидий қарашини ижтимоий тармоқ орқали бўлишган. У яна мажлисбозликни камайтириш борасида ҳам бир қанча “постлар” ёзиб боради. Кушербаевнинг
сўнгги шов-шувли чиқишларидан бири — депутат Абдурашид Абдуқодиров билан биргаликда Олий ўқув юртларининг тўлов-контрактларининг оширилишига қарши чиққанлиги бўлди. Уларнинг бу муносабатлари туфайли тез орада масала ижобий ҳал бўлса, ажаб эмас.

ҚОДИР ЖЎРАЕВ

36698250_221468371909787_7568474554490683392_n.jpg

Олий Мажлис депутати Қодир Жўраевни ҳам юқорида келтирганимиздек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 июлдаги қарорига кескин қарши чиққани жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Умуман, йил давомида Қодир Жўраев бир қанча бу каби “пост”лар қолдирган. Хусусан, жаҳон чемпионатида Равшан Эрматовга россиялик шарҳловчи томонидан қилинган ҳақоратга ҳам бефарқ бўлмади. Депутат “Je suis "Ravshan Irmatov"! сарлавҳаси остида Уткинга “илиқ фикр”лар қолдирган.

Депутат Қодир Жўраевнинг саҳифасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига шарҳлар билан ҳам танишиш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, бу депутат ҳам кундалик долзарб мавзулар ва халқ дардига бефарқ эмас.

АБДУРАШИД АБДУҚОДИРОВ

23132080_126166608149234_5424914716973210470_n.jpg

Олий Мажлис депутати Абдурашид Абдуқодировнинг фейсбукдаги саҳифаси “Рашид Қодиров” номи билан юритилади. У ўқитувчи бўлгани сабаблими, кўпинча таълим соҳасида фикр-мулоҳазалар, янгиликлар билан саҳифасини тўлдириб боради. Қизиғи, унинг “пост”лари анчагина долзарб. Мактабларда бир синфда ўқувчиларнинг 40-45 нафардан ошиб кетишига муносабат, ўқув йилининг бошланиши августга кўчирилиши ва энг асосийси, Олий ўқув юртларида тўлов-контракт пули оширилишининг танқиди ва таклифлари жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди. Рашид Қодиров ўқитувчи ва ҳамшираларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинишига ҳам кескин қарши чиққан ва “бу соҳага ажратилаётган маблағлар қаерга кетаяпти”, деган саволни ўртага ташлаган жасур депутатлардандир.

ҚИЗИҚИШЛАР, ФУТБОЛ, САЁҲАТ....

Фейсбукдаги саҳифалар орқали Олий Мажлис депутатларининг шахсий ҳаётларидаги қизиқиш хоббилари ҳақида ҳам бир қанча маълумот олишга эришдик. Мисол учун: Илҳом Абдуллаев жиддий мавзуларда “пост” қолдирмаган бўлса-да, 2018 йил жаҳон чемпионати унинг энг севимли Италия терма жамоасисиз ўтаётганини билдирган. Шуҳрат Шарафутдиновнинг саҳифаси ҳам уни яхшигина футбол ишқибози эканлигини кўрсатиб турибди.

Олий Мажлис депутати Акмал Бурҳонов ўз саҳифасини ўзбек ва инглиз тилида бошқариши ҳам таҳсинга лойиқ, бироқ унинг саҳифасида ҳам ижтимоий ҳаётимиздаги долзарб мавзуларга бўлган муносабатларни кузатмайсиз.

Депутатлардан Рашид Қодиров ўз саҳифасида шундай сўзларни қолдирганди: “Интернет тезлиги катталигидан унга етиб бўлмаяпти”. Интернет тезлиги пастлигига шаъма қилган депутат сўзларини замонга ҳам қиёслаш мумкин. Бугун ижтимоий ҳаётда бўлаётган ўзгаришлар шу қадар шиддатлики, уларга кўпгина депутатлар муносабат билдириб улгура олмаяптилар. Буни вақт етишмаслиги билан оқлаш мумкинмикан ёки бу уларнинг шунчаки бефарқлигими? Балки аксарият депутатлар ўз таклиф ва мулоҳазалари билан чиқмасдан юқоридан буйруқ кутишга ўрганиб қолгандирлар?! Мажлис ва тадбирларни ёритиб боришдан ташқари, Олий Мажлис депутатларидан Рашид Қодиров, Қодир Жўраевнинг таклифлари каби янгиликларни кутиб қоламиз.

Анора Содиқова, ЎзА
17 296