ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

Депутатлар ғаллани эркин нархларда сотиш тизимини яратишни таклиф қилди

Депутатлар ғаллани эркин нархларда сотиш тизимини яратишни таклиф қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаровнинг фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ғалла маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Раёсати мамлакат парламентига ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Мурожаатнома йўллади.

Мурожаатномада қайд этилишича, ўтган йилларда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла бозор нархларига нисбатан паст қийматда харид қилиб келинган. Оқибатда фермерларнинг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши сусайган, чунки манфаатдорлик йўқ. Шу билан бирга, арзон уннинг катта қисми амалда аҳолининг тегишли қатламларига етиб бормасдан, бозор нархларида сотиб келинган. Бу эса, ўз навбатида, донни қайта ишлаш корхоналари ва савдо ташкилотларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари, яъни фермер, ишлаб чиқарувчи, истеъмол қилувчи ўртасидаги муносабатларда коррупцияни келтириб чиқарган.

Йиғилишда депутатлар ғалла етиштираётган фермер ва деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, яъни уларнинг меҳнатига яраша даромад олишини таъминлаш, шу орқали ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, нархларни эркинлаштириш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам шу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Фракция аъзоси Турсунпўлат Норбоевнинг фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ғалла етиштириш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги маълумотида таъкидланганидек, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяпти. Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килосини 1400 сўмдан, яъни ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотаётгани билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати Мурожаатномасида ҳам фермерларни янада қўллаб-қувватлашда амалий ёрдам сўралган.

Мурожаатномада кўтарилган масалаларни ўрганиш мақсадида депутатларнинг аҳоли, деҳқон ва фермерлар, мутахассислар билан ўтказган учрашувларида бир қатор муаммолар кўтарилган. Хусусан, дон корхоналари ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришда бозор иқтисодиёти механизмларини йўлга қўймагани маълум бўлди. Бу эса фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларда ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда. Бухоро вилоятидаги “Когондонмаҳсулотлари” АЖда 50 килограмм ун 87500 сўмдан сотилмоқда. Лекин вилоятдаги хусусий дўконларда, хусусан, Когон туманида 50 килограмм ун 121-125 минг сўмдан, Қоровулбозор туманида 130-135 минг сўмдан сотилмоқда.

Фракция аъзоси Шуҳрат Турсунбоевнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида январь-август ойларида 31 минг долларлик ун маҳсулоти импорт қилинган бўлиб, улар асосан Қозоғистондан олиб келинган. Импорт қилинган олий навли ун чакана нархда Бўка тумани бозорида 3500 сўмдан, Паркент ва Тошкент туманларида 3000 сўмдан, Ангрен шаҳрида 5000 сўмдан, Чирчиқ шаҳрида 4000 сўмдан сотилмоқда.

Шунингдек, бир дона қолипли нон 600 грамм бўлиши ва унинг нархи 1200 сўм этиб белгиланган бўлса-да, жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида бир дона қолипли нон 450-500 граммда белгиланган нархдан юқори сотилаётгани аниқланган. Хусусан, Бухоро вилоятида 500 граммли қолипли нон 1200, 1500 сўмдан, Қоракўл ва Олот туманларида 1750 сўмдан сотилиш ҳолатлари кузатилган.

Тадбирда мамлакатимизда ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш кераклиги алоҳида қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари жойлардаги ушбу вазиятга ўз муносабатини билдирди. Депутатлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат томонидан ун ва нон махсулотлари арзон нархда етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, ижтимой ҳимояланган аҳоли қатламига ҳар доим ҳам ун маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмаётганини таъкидлади. Фракция аъзолари фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурсларни етказиб беришни бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Ғалла, ун ва ноннинг нархи эркинлаштирилиши жараёнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоялашга қаратилган зарур чораларни кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Тадбирда бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2111-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пастайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишбилармонлар учун солиқ юкини пасайтириш ҳамда рақобатбардошликни янада оширишга кўмаклашади.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

2 831
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА