Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 18:22 Чоп этиш версияси

Депутат ва сенаторлар Жондор туманида аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари март ойининг дастлабки ўн кунида Бухоро вилояти Жондор туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ишларни ўрганди.

Ўрганиш якунлари халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Депутатлар ва сенаторлар жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилди, ҳудудларда ислоҳотларнинг боришини ўрганди. Туманда турли соҳаларда муайян ютуқларга эришилган, айниқса, тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор ўз самарасини бераётир. Амалга оширилган турли лойиҳалар натижасида 2015 йилда туман ўз харажатларини қоплаб, субвенция оладиган ҳудудлар рўйхатидан чиқишига эришилган.

Аммо қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда, муаммолар тўла ечим топмаётир. Бу айниқса, ўрганиш жараёнида 550 дан ортиқ хонадонда аҳоли вакиллари билан ўтказилган учрашувларда яққол кўзга ташланди. Мулоқотларда фуқаролар томонидан 330 га яқин муаммо кўтарилди. Ички хўжалик йўлларининг таъмирга муҳтожлиги, жойларда маҳсулот пластик карточка орқали юқори нархларда сотилаётгани, ишсизлик, айрим қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати талаб даражасида эмаслиги, ноқонуний чиқиндихоналар юзага келишига йўл қўйилаётгани, суюлтирилган газ баллонлари истеъмолчиларга ўз вақтида етказилмаслиги шулар жумласидандир.

Ўрганиш давомида кўтарилган айрим муаммолар жойида ҳал этилди. Масалан, “Пўлоти” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Боймуродовга қорамол парвариши билан шуғулланиши учун банк кредити ажратилишига кўмаклашилди. Ўндан зиёд фуқаро ишга жойлаштирилди.

Сессияда таълим муассасалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли банк кредитлари ажратиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги камчиликлар, янги деҳқон, буюм ва ҳунармандлик бозорлари қурилиши муаммосини бартараф этишга жиддий эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириш ишлари самарадорлиги масаласи ҳам танқидий баҳоланди. Кўпгина маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида масалага юзаки ёндашилмоқда. Масалан, улар ўтган йили ўз йиғилишларида туман бандликка кўмаклашиш маркази, тиббиёт, халқ таълими, коммунал хизмат тизимлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилгани ҳақидаги маълумотларни тақдим этишган бўлса-да, ўрганиш даврида бундай амалиёт йўлга қўйилмагани аниқланди. Ҳолбуки, мутасаддилар ҳисоботини тинглаш ва муҳокама этиш эътирозларга сабаб бўлаётган айрим муаммолар ечимини топишга хизмат қилган бўларди.

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгашининг фаолиятини ўрганиш якунлари ҳам муҳокама қилинди. Вакиллик органи ўз сессияларида кўплаб масалаларни кўриб чиққан. Лекин улар орасида умумий характерга эгалари ҳам бор. Бунинг устига туман Кенгаши сессиясида бирорта ҳам қонун ижроси ўрганиб чиқилмаган. Тадбирда бундай салбий ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича топшириқ ва тавсиялар берилди.

– Ўрганиш натижалари муҳокамаси биз учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат ва ҳудудий дастурлари ижросига алоҳида эътибор қаратиш, депутатларнинг турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда масъулиятни янада ошириш, ўз фаолиятимизни танқидий баҳолашга ундади, – дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ж.Ашуров, – Биз сессияда кўтарилган масалалар ечимини топишда жамоатчилик назорати имкониятларидан кенг фойдаланамиз.

Сессияда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 955






Все о погоде - Pogoda.uz