Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 16:43 Чоп этиш версияси

Депутат ташаббускор ва фидойи бўлиши керак

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Элёр Тўрақулов аҳоли билан учрашув ўтказди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутат, “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Э.Тўрақулов партиядошлари ва сайловчилар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилаётган халқ вакилларидан бири. Буни унинг сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб, муаммоларни ҳал этишдаги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Депутат 2017 йили сайлов округи ҳудудидаги Ҳайробод, Файзобод, Каттақишлоқ, Шариллоқ, Туёқли қишлоқлари аҳолиси билан 8 маротаба учрашди. Учрашувларда ички йўлларни таъмирлаш, коммунал хизмат, ёшлар бандлиги, соғлиқни сақлаш соҳаси ва банкдан кредит олиш масалалари бўйича тушган аҳоли мурожаатларининг аксарияти ижобий ҳал этилган.

"Ҳайробод" қишлоқ врачлик пунктига тез тиббий ёрдам машинаси ажратиш, Хуросон қишлоғида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, Туёқли маҳалласида кўчани таъмирлаш каби мурожаатлар асосида тегишли давлат ташкилотларига депутатлик сўрови юборилиб, масалага ижобий ечим топилган.

– Бугун давр биздан ташаббус ва фидойиликни талаб қилмоқда, – дейди депутат Э.Тўрақулов. – Ўзимизга берилган ваколатдан фойдаланиб, сайловчилар ишончини оқлашимиз керак. Жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бу масъулиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ҳам ҳис этмоқда. Бу ўзгаришлар кейинги пайтда уларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича юборган депутатлик сўровларига аввалгидек бефарқ эмасликларида намоён бўлаётир.

Учрашувда сайловчилар аҳолининг кундалик турмуши билан боғлиқ масалалар бўйича очиқ мулоқот қилди. Иштирокчилар маҳаллалардаги ички йўллар, коммунал соҳадаги муаммолар, ёшлар бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан ўз талаб ва таклифларини билдирди.

Учрашувда қилинган мурожаатлар асосида тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 755