ЎзА Ўзбек

28.07.2018 18:31 Чоп этиш версияси

Депутат қамоқхоналар маҳбусларнинг кўпайишидан манфаатдорлигини айтди

Депутат қамоқхоналар маҳбусларнинг кўпайишидан манфаатдорлигини айтди
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров Фарғона вилоятидаги тергов изоляторида бўлиб қайтди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида маълум қилди ва бу асосида бир қанча интернет сайтларида эълон қилинган қисқа маълумотда А.Қодиров қуйидаги хулосаларини келтириб ўтган.

“Бугунги кунда қамоқхоналар маҳбусларнинг сонини кўп бўлишидан манфаатдор. Чунки муассасанинг моддий таъминоти ва унда ишловчиларга тўланадиган ҳақ миқдори маҳбусларнинг сонига боғланган.

Ички ишлар тизимида қамоқхона ёки тергов изоляторларида хизмат қилувчи ходимларга "ўгай фарзанд" принципи шаклланиб қолган. Уларни маиший таъминоти, рағбатлантирилиши ва хизматда юқорилаши жуда қийин амалга ошади. Бу муносабат беихтиёр ходимларнинг маҳбусларга бўлган "дўстона алоқалар"ига айланади”, ‒ дейди у.

“Қамоқхоналар одамларни қайта тарбиялаш эмас, янада радикаллаштириш, жамиятга нисбатан нафратини янада кучайтириш масканлари бўлиб қолмоқда. Қамоқхона ва тергов изоляторларида хизмат кўрсатадиган ички ишлар ходимларига муносабатни ўзгартириш керак. Муассасаларнинг таъминотини маҳбусларнинг сонидан келиб чиқиш амалиётидан воз кечиб, аксинча у ердан чиққан маҳбусларнинг ҳаётда ўрнини топиб кетиш даражасидан келиб чиқиш лозим.” – дейди депутат ўз таклиф ва хулосаларида.

Республика маънавият ва маърифат марказининг қамоқхонадаги таассуротлари билан тез орада сизни таништирамиз. Бизни кузатиб боринг!

ЎзА
8 737