ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Депутат 230 та эҳтиёжманд оилага кўмак берди

Депутат 230 та эҳтиёжманд оилага кўмак берди
Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида эҳтиёжманд, шунингдек, кунлик даромад топиб тирикчилик ўтказадиган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тадбиркорлар, депутатлар, қўйингки, ёрдам бериш имконига эга барча саховатпеша инсонлар ушбу ташаббус доирасида муҳтожларга кўмак бермоқда.

Муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ночорларга, кексаларга меҳр-оқибат, саховат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Бу эзгу фазилатлар қон-қонимизга сингиб кетган. Айниқса, бугунги таҳликали кунларда ана шу ўлмас қадриятларимиз яна бир бор синовдан ўтмоқда. Миллатдошларимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати атрофида жипслашаётгани халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлигининг амалий намунаси бўлмоқда.

OʻzLiDeP Андижон вилояти кенгаши матбуот хизматининг хабар беришича, Андижон шаҳридаги 24-“Шарифбойгузар” сайлов округидан халқ депутатлари шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган, “Nice Group” компанияси раҳбари Алишер Омонов ҳудуддаги Озодлик, Бирлик ва Уйғуробод маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашмоқда.

“Саховатлимиз, кўмаклашамиз” акцияси доирасида депутатнинг ташаббуси билан карантин ва инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилинган ҳолда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази орқали хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада ошириш, ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, кўмакка муҳтож фуқаролар сони ортишининг олдини олиш мақсадида дастлаб мутасаддилар ҳамкорлигида хонадонма-хонадон юрилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

– Юқоридаги учта маҳаллада олиб борилган ўрганишлар натижасида 55 та кам таъминланган, 30 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила, шунингдек, 41 нафар ногиронлиги бўлган, 8 нафар якка-ёлғиз яшовчи, 15 нафар ишсиз ҳамда 80 дан ортиқ карантин сабабли доимий даромад манбаидан маҳрум бўлган фуқаролар борлиги аниқланди, – дейди депутат Алишер Омонов. – Уларга моддий ва маънавий кўмак беришимиз, бугунги синовли кунларда уларга елкадош бўлишимиз муҳимдир.

Ўтказилган хайрия тадбирларида ана шу оилалар ва фуқароларга бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар тарқатилди.

Бугунги карантин шароитида, қолаверса, муборак рамазон ойида қийин шароитда яшаётган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш халқимизга хос саҳоватпешаликнинг юксак намунасидир.

1 597
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА