Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2018 12:24 Чоп этиш версияси

Деновликлар ош рекордини янгилайдими?

Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ошпазлари 9 тонна ош дамлаб, ўтган йили Тошкент шаҳрида ўрнатилган рекордни янгиламоқчи экани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди. Аслида ҳам шундайми?

Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан дамланадиган бу ош аслида 8 тонна. Энг муҳими, у ижтимоий тармоқларда хабар қилинганидек, рекорд ўрнатиш учун эмас, балки ошпазлар маҳоратини синовдан ўтказиш ва юртдошларимизга ўзига хос байрам кайфияти бағишлаш мақсадида тайёрланмоқда.

Ошни дамлаш ва тарқатиш учун туман марказий стадионига Тошкент шаҳридан 8,8 тонна сиғимга эга улкан қозон келтириб ўрнатилди. Паловхонтўрага сарфланадиган маблағ ва масаллиқлар ҳомийлар томонидан ажратилмоқда.

–Палов халқимизнинг энг севимли таоми, – дейди бош ошпаз М.Мавлонов. – Уни юртимизнинг турли ҳудудларида турлича тайёрлашади. Бизнинг Деновимиз ҳам шундай. Сиз айтаётган паловни 46 ошпаз биргаликда тайёрлаб, ҳарбий қисм аскарлари, мурувват уйи, мактаб-интернат тарбияланувчилари, беморлар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатишни мўлжалламоқдамиз. Шунингдек, миллий бу таомни аҳоли кенг қатламлари ҳам татиб кўриб, баҳо беришлари мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, деновлик ошпазлар тайёрлайдиган палов учун 2 тонна 200 килограмм гуруч, 2 тонна гўшт, 2,5 тонна сабзи, 800 килограмм ёғ, 200 килограмм пиёз ишлатилади. Ҳар хил зироварлар ҳам қўшилади, албатта.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
11 582