ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Денов, бу – Деновда!

Денов, бу – Деновда!

Инсоният тарихини кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, иқтисодиётдаги муваффақиятлар маърифат ва маданиятнинг юксак даражада эканлигидан далолатдир ва айни пайтда иқтисодиётни ривожлантирмай, илмий – маърифий юксакликларга эришиб бўлмас экан.

Бу жўнгина фикрга иқрор бўлмоқ учун ҳам иқтисодиёти, ҳам маданияти тараққий этган мамлакатлардаги иқтисодий ва маърифий манзараларни кузатишнинг ўзи кифоядир.

Чунки эҳтиёжнинг қаноатлантирадиган даражада турли илм ва билимларни эгаллаш учун маблағ керак. Уст – бош ва дастурхондан ортиб қоладиган миқдорда маблағ тўплаш учун эса унумли ва самарали меҳнат қилмоқ лозим. Назаримда, мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш суръатларининг халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаётган даражада ўсишини асосий сабабларидан бири жамиятимиздаги маънавий янгиланишдир.

Ҳақиқатан кейинги 28 йил давомида халқимизнинг маърифий, маданий, илмий салоҳиятини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун сарф қилинаётган маблағларни кўз олдимизга келтирсак, ҳар қандай ҳисобдоннинг ҳам бошини айлантириб юборадиган рақамларни кўрамиз. Энг муҳими, бундай беқиёс харажатлар ҳозирданоқ ўзининг ижобий самараларини бермоқдаки, буни биз иқтисодий юксалишлар мисолида кўриб турибмиз.

Шахмат бўйича ўн еттинчи жаҳон чемпиони Ўзбекистондан чиқади, деб ким ўйлаганди? Аммо ўзбек ўғлони Рустам Қосимжонов ўз салоҳиятининг қудрати билан оламни ҳайратга солди, ҳатто Гарри Каспоровдай шахмат қироли ҳам вақти келганида ер чизиб қолди. Ўзбекистон байроғини олам узра кўтарган Рустам Қосимжоновнинг Амир Темур ордени билан тақдирланишида ҳам жуда катта маъно бор. Ёки бўлмаса, дунёда полвонлар кўп, аммо уларнинг бирови ҳам энг оғир вазнда Артур Таймазовга бас кела олмаяптику!

Тарихий нуқтаи назардан кечагина мустақилликка эришган мамлакатнинг фарзандлари жуда қисқа фурсатларда жуда катта, ҳаттоки, оламшумул муваффақиятларга эришаётгани ўз-ўзидан содир бўлаётгани йўқ.

Энг муҳими, жадал суръатлар билан юксалаётган иқтисодиётнинг салмоқли одимларини, маданият ва спортга берилаётган катта эътиборни мамлакатимизнинг марказида ҳам, олис вилоят ва туманларида ҳам яққол кўриш, кузатиш мумкин. Ана шундай гуркираб ривожланаётган музофотлардан бири Денов туманидир.

Истиқлолимиз миллий мафкурамиз қарор топишига кенг йўл очиб берди. Унинг томирлари эса кўп минг йиллик тарихга эга бўлган қадриятларимиздан озиқланади.

Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси сингари Денов ҳам фахрланса арзийдиган шонли ва зафарли ўтмишга эга.

Археолог ва тарихчилар манбалар ва моддий топилмаларни ўрганиб, Денов шаҳри ва теварак – атроф бундан икки – уч минг йил илгари ҳам ривожланган ҳудуд бўлганлигини асослаб бердилар. Шуни билинг, ўқувчим: қолоқ халқ ҳеч қачон минг йиллар собит турувчи мустаҳкам қўрғонларни қуролмайди! Ҳа, боболаримиз маърифат, маданият, иймон ва эътиқодда беназир одамлар бўлишган.

Деновнинг тарихини айтаверсак, катта бир достон бўлади. Шаҳарнинг қоқ марказида бундан олти юз йил илгари қурилган Саййид Оталиқ мадрасаси турибди. Рўпарасидаги «Эгизи»ни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида шўро жангарилари «Эскилик сарқити» сифатида бузиб, олти юз йилдан бери қилт этмай турган пишиқ ғиштларни бўлмағур мақсадлар учун ишлатиб юборишганди. Аммо, ҳозир гап бу ҳақда эмас, хайрли тасодиф туфайли сақланиб қолган Саййид Оталиқ мадрасасининг истиқлолимиз учун нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида гапирмоқчиман. Мен унинг тимсолида буюк қадриятларимизнинг завол билмас ҳайкалини кўргандай бўламан.

Деновнинг бугунги камоли ана шундай мустаҳкам пойдевор устида турганлигига иқрор бўлиш одамнинг кўнглини тоғдай кўтариб юборади. Модомики шундай экан, замон чўққиларига назар ташлаб, аждодларимиз бизга бебаҳо бойликлар қолдириб кетганлигини эътироф этиб, уларга муносиб ворислар бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ҳар жойнинг ўз ҳақиқатлари ва уларни меъёрда ушлаб турадиган азалий қонун – қоидалари бор. Ўз – ўзидан тушунарлики, бундай ўлчамлар Деновга ҳам тўла тааллуқлидир. Демак, Денов, бу – Деновдир!

Оламнинг, одамнинг тўрт унсурдан таркиб топганини ҳамма билади.Буни қарангки, Деновда бу унсурларнинг ҳаммаси соз.

Денов худди чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Ёзи салқин, қиши мўътадил. Шунинг учун бир вақтлар бу ерда шакарқамиш етиштирганлар.

Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Тўғри, қўшни туманларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам хурмони ўстириш мумкин ва шундай бўляпти ҳам, аммо бирор жойда Деновдагичалик серҳосил ва ширин бўлмайди.

Деновнинг марказида Дендрарий боғи бор. У ерда қандай дарахтлар ўсмайди дейсиз. «Лола» дарахтини кўриб, бу дунёнинг турган – битгани мўъжиза эканда, дейсиз. Бир пайтлар Петрарканинг бошига гултож бўлган дафнага бу ерда жайдари ўсимлик сифатида қарашади. Ҳай – ҳай демасангиз, бамбук бир кеча – кундузда беш метрга ўсади. Бир қарашда эътиборни тортмайдиган бу тафсилотлар Деновнинг тупроғи ва иқлими созлигини исботловчи далиллардир.

Оламни ҳайратга солган улуғ бобомиз Абу Наср Форобий «Фозил одамлар шаҳри» деган китобида истиқомат учун соз ва носоз бўлган манзилларнинг таърифини баён қилади. Соз жойларнинг аломатлари санаб ўтилган саҳифаларни ўқиётиб Форобий бу сатрларда Деновни назарга тутмадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Шу китобда битилишича, соз тупроқ тоғларнинг қандай жойлашуви, шамолларнинг қандай ва қаёқдан эсиши, ичимлик сувининг сифати ўша юрт аҳолисининг нафақат сихат – саломатлигига, балки уларнинг қуввайи – ҳофизаси, ақлий ривожланишига ҳам жуда сезиларли таъсир қилар, одамларнинг табиатидаги муайян хусусиятлар ҳам шу омилларга боғлиқдир.

Қаранг, мустақиллик йилларида Деновдан беш нафар истиқлол фидойилари–Иброҳим Файзуллаев, Аҳмат Нарзуллаев, Раҳмон Муҳаммадиев, Ҳамза Маҳкамов, Юсуф Зиёевлар Ўзбекистон Қахрамонидеган юксак шарафли унвонга сазовор бўлдилар.

Ўзбекистон халқ ёзувчи Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ бахшиси Боборайим Маматмуродовлар шу замин фарзандларидир.Адабиёт йўналиши бўйича беш нафар шоира қиз – Феруза Қурбонова, Шаҳноза Турсунова, Фарида Тошпўлатова, Дилрабо Норқулова, Абдураззоқова Рухшоналар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлдилар.

Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим: ўн миллион даража иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан. Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. 

Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди... Ўшанда одамлар сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа иложи қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонлар водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига унинг парчаланиши учун 10 миллион даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қиляпмиз, деган эди Назар ака ўшанда. Назар ака баён этган назарий илм манзараларини кўз олдимизга келтириб ҳайратга тушган эдим.

Денов шаҳрининг кун ботишида Қизилсув дарёси бўйида Тупроққўрғон деган манзил бор. Унинг ярмини дарё тошқини ювиб кетган. Ана шу ўпирилишлар чоғи чиқиб қолган буюмларни кўздан кечирган академик Галина Пугаченкова уларнинг милоддан олдинги даврларда ясалганини аниқлади. Икки минг йилларга бардош берадиган Тупроққўрғонни ота-боболаримиз бунёд этган. Манбаларда Қизилсув дарёсининг таги билан ўтиб қўрғоннинг ичидан чиқадиган лаҳм – ерости йўли ҳақида ҳам гапирилади.

Бундай азамат қўрғонлар, албатта, хўжакўрсинга қурилмаган. Айни ҳақиқат шундан иборатки, Қизилсув ҳам шунча вақтдан бери ўзанини ўзгартиргани ё қуриб қолгани йўқ, қўрғон ҳам эртаклардаги афсона эмас, жойида турибди.

ЎзбекистонМустақилликка эришгандан сўнг «Тарихий хотира» деган ибора бежиз муомалага киргани йўқ. Чунки дарахтнинг эрталабки сояси кечқурунги соясига тенг бўлади.

Ўзбекистон ҳақида китоб ёзган Леонид Левитин ўз асаридаЙўллуғ тегиннинг Билга ҳоқон ва Қултегин қабр тошларига битган қуйидаги битикларни келтиради: «Авлодларнинг биринчи бурчи – ўз аждодлари номини унутилишдан асраб қолишдир. Ўшанда шафқатсиз ва қудратли вақт улар устидан ҳукм юрита олмайди».

Бир минг икки юз йил илгари Қултегин айтган бу гапга деновликлар доим амал қиладилар десам, ишонаверинг.

Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими,
«Дўстлик» ордени совриндори,
Денов туман Маънавият-маърифат
бўлими раҳбари.

3 221
ЎзA