Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 19:50 Чоп этиш версияси

Демократик тамойиллар асосида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан соҳа янада такомиллашмоқда. Унда ёшларни Ватанга муҳаббат, халқимизнинг миллий анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада кучайтиришга эътибор қаратилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш назарда тутилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларининг таъсис конференциялари ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Аброров, Тошкент шаҳар мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси, Тошкент шаҳар молия бошқармаси бошлиғи Н.Собиров, туман ҳокимлиги, молия, ички ишлар, меҳнат, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитасининг туман тузилмалари раҳбарлари ва бошқа давлат, нодавлат ташкилотларининг вакиллари, ҳудуддаги 54 фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашини тузиш, аъзоларини тасдиқлаш, туман кенгаши ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилди. Туман кенгашининг раиси, биринчи ўринбосари ҳамда раиснинг ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда кенгаш котиби очиқ овоз бериш йўли билан тасдиқланди.

– Президентимиз фармони асосида жорий этилаётган лавозимларга ватанпарвар, ҳар жиҳатдан етук ва фидойи кадрларни танлаб олишга эътибор қаратилмоқда, – дейди Мирзо Улуғбек тумани “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Наима Жабборова. – Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари тайинланиши эътиборга молик воқеа бўлди. Бу ёшларни мафкуравий таҳдидлардан асраш, уларни маънан бой, жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш, бандлигини таъминлаш сингари муҳим масалаларга ечим топишда жамоатчилик фаоллиги ва ҳамкорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши таъсис конференциясида иштирок этиш учун ҳудуддаги фуқаролар йиғинларидан Алишер Навоий номидаги маҳалла раиси Б.Назаров ишончли вакил сифатида иштирок этиши маъқулланди. Шу билан бирга, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун тумандан 8 нафар делегат сайланди.

Ҳудудларда таъсис конференциялари бўлиб ўтмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 006






Все о погоде - Pogoda.uz