ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Делегация GTL қурилиш майдони билан танишди

Делегация GTL қурилиш майдони билан танишди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш“ лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда. У МДҲ доирасидаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Россиянинг “Газпромбанк”, “Росэксимбанк”, “ЭКСАР” акциядорлик жамиятлари мазкур лойиҳани молиялаштиришда фаол иштирок этмоқда.

2020 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси вакиллари ва лойиҳанинг россиялик кредиторлари делегацияси Ўзбекистондаги GTL заводининг қурилиш майдонида бўлди, деб хабар берди “Uzbekistan GTL” компаниясининг матбуот маркази.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Россиянинг “Газпромбанк”, “Росэксимбанк”, “ЭКСАР” акциядорлик жамиятлари вакилларидан иборат делегация учрашувида “Uzbekistan GTL” компаниясининг вакиллари томонидан лойиҳани амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва қурилиш-монтаж ишларининг бориши ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, унда “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари хусусида ҳам сўз борди.

Танишув жараёнида делегациянинг яна бир учрашуви лойиҳа бошқаруви бўйича маслаҳатчи – “TechnipFMC” компания вакиллари билан бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш“ лойиҳасини амалга оширишга қарийб 9 минг нафар ишчи-ходим жалб этилган. Уларнинг 7,5 минг нафардан зиёди қурилиш-монтаж ишларида қатнашмоқда. Мазкур жараёнда 905 қурилиш ва махсус техникадан унумли фойдаланилмоқда.

1 534
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА