ЎзА Ўзбек

26.04.2018 11:29:06 Чоп этиш версияси

“Делегат” жамоаси мамлакат босқичида

Бухорода ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши, вилоят адлия, ички ишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган танлов ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, истеъдодли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2.jpg

Танловда 13 жамоа иштирок этди. Иштирокчилар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини нечоғли англаши ва ёшларга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларини кўргазмали тарзда намойиш этди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни видеоролик ва тақдимот орқали кўрсатиб берди. Шунингдек, одам савдоси, ақидапарастлик, гиёҳвандлик ва коррупция каби ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар саҳна кўринишларида талқин қилинди.

Когон шаҳридаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг “Делегат” жамоаси ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 2-академик лицейнинг “Адолат” ва Бухоро шаҳридаги солиқ коллежининг “Раёсат” жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.