Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 20:08 Чоп этиш версияси

Дефолиация – муҳим жараён

Дефолиация – муҳим жараён Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш тадбирларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тегишли бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокимлари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ҳамда унинг туман бўлимлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари раҳбар ва мутахассислари, фермерлар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Тўрақўрғонда жорий йилда 4 минг 869 гектар ғўза майдонининг 3 минг 670 гектарида дефолиация ўтказиш талаб этилади. Мутахассисларнинг фикрича, ғўза дефолиациясининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг муддати ва меъёрини тўғри белгилашга боғлиқ.

7.jpg

Дефолиация муддати тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусияти ва етилганлигига қараб танланади. Бунда ғўза навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериш лозим. Чигит эрта экилган, ғўза биологик етилган майдонларда дефолиация муддати олдинроқ, кеч экилган майдонларда кейинроқ келиши мумкин. Ҳаво ҳарорати дефолиантлар самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, туманда ушбу муҳим агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича кўрилган пухта тайёргарлик асосида мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, фермер хўжаликлари далаларида ғўза баргини тўкишга қаратилган кимёвий ишлов жараёни бошлаб юборилди. Туманда дефолиация тадбирларини 22 сентябрга қадар якунлаш кўзда тутилган.

– Маълумки, ҳосил сифатининг жаҳон стандарти даражасида бўлиши кўп жиҳатдан ғўза баргининг сифатли тўкилишига ҳам боғлиқ, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳ.Раҳимов. – Туманимизда барча майдонларни тўлиқ ОВХ пуркагичлари ёрдамида дефолиация қилиш режалаштирилган. Режани мукаммал бажариш мақсадида 10 та отряд шакллантирилди ва уларга 26 та ОВХ пуркагич техникаси, 12 та қўл аппарати, 2 та ишчи эритма тайёрлаш майдончаси, 4 та ишчи эритма ташиш техникаси бириктирилди. Ишчи эритма тайёрлаш майдончалари, дам олиш хоналари, овқатланиш ва ювиниш хоналари керакли анжомлар билан жиҳозланди. Дефолиацияда иштирок этадиган барча ходимларни махсус кийим-бош, сут маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилди.

9.jpg

Барча ОВХ ва ВП-1 русумли пуркагичлар “Агрокимёҳимоя” корхонаси туман филиалларида марказлашган ҳолда таъмирланиб, мавсумга тайёрланди. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоят меъёрлаш тадқиқот маркази билан биргаликда дефолиация тадбирларини ОВХ пуркагичлари ва қўл аппаратлари ёрдамида ўтказиш бўйича калькуляциялар ишлаб чиқилди.

Туманда ушбу муҳим агротехник тадбирни ўтказиш учун талаб этиладиган 33 тонна суюқ хлорат магний дефолианти ортиғи билан захира қилиниб, препарат етишмовчилиги муаммосининг олди олинди.

Семинарда ана шу муҳим тадбирни қисқа муддатларда сифатли ўтказишга доир долзарб тайёргарлик ишлари, ОВХ мосламалари, қўлда ишлатиладиган пуркагичларни созлаш, дефолиант эритмасини тайёрлаш жараёнлари амалий тарзда кўрсатилди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА