ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Деҳқонободда янги ҳарбий шаҳарча фойдаланишга топширилди​

Деҳқонободда янги ҳарбий шаҳарча фойдаланишга топширилди​

Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва сарҳадларимиз дахлсизлигини асрашда чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссалари беқиёс.

Машаққатли ва шарафли касб соҳиби бўлмиш чегарачилар ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаб, юрт осойишталигини ҳар нарсадан устун қўювчи мард ва жасур, ватанпарвар ўғлонлардир. Чегарачиларнинг ўткир нигоҳида ватанга бўлган садоқатни англаш мумкин.

7.jpg

14-январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси тасарруфида ташкил этилган янги ҳарбий қисм учун қуриб битказилган ҳарбий шаҳарча мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, ДХХ Чегара қўшинлари бошқармаси масъуллари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ўқувчи ёшлар иштирок этди.

5.jpg

Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 январдаги тегишли қарорига асосан, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфида янги ҳарбий ҳарбий қисм ташкил этилган эди. Эндиликда ушбу ҳарбий қисмнинг тўлақонли фаолият юритиши учун ҳарбий шаҳарча ҳудудида маъмурий бинолар ва бошқа зарур объектлар, ҳарбий хизматчилар учун 48 хонадонли хизмат уйи янгидан қуриб битказилди.

Тадбирда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда одамларнинг эзгу орзулари ва мақсадларини рўёбга чиқариш ўз аксини топиб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётгани, буларнинг таг замирида тинчлик деб аталмиш энг олий неъмат мужассам эканлиги таъкидланди. Инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати улуғланган бир мамлакатда истиқомат қилаётганимиз, бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар эътироф этилди. Янги ҳарбий шаҳарча, янги хонадонлар ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар қутланди.

6.jpg

Мазкур ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар, маънавий-марифий ва жисмоний тайёргарликларини ошириб бориши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, кутубхона, машғулотлар ўтиладиган хоналар, спорт зал, футбол майдони, ҳарбий хизматчилар ихтиёрида. Шунингдек, замонавий ошхона барпо этилиб, аутсорсинг тизими асосида ишлар йўлга қўйилди. 23 ўринли хизмат ётоқхонаси билан таъминланди.

Юртимиз равнақи ва тараққиёти учун кунни кун, тунни тун демай хизмат қилаётган чегарачиларга муносиб яшаш шароити яратиб бериш долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Бу эса уларнинг меҳнат фаолияти унумдорлигини таъминлайди. Зеро, уйи, оиласи тинч ва бехавотир бўлган кишининг иш фаолияти ҳам самарали бўлади. 

3.jpg

Ҳар бир ота-она учун бу дунёда фарзанд камолини кўришданда ортиқроқ бахт йўқ аслида. Ҳарбий хизматчи Умиджон Воҳидовнинг ана шундай бахтли кунига шерик бўлиш учун Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидан унинг ота-онаси ташриф буюрди. Уларнинг бугун қувончи чексиз.

– Ўғлим мана шундай шарафли касбни танлаганидан фахрланаман, — дейди Умиджон Воҳидовнинг онаси Роза Ҳакимова. – Унинг қувончи, менинг қувончимдир. Ўғлим ёшлигидан ўз мақсади сари тиришқоқлик билан интилган. Бу интилишлари бугун ўз мевасини бериб, ўзи танлаган соҳада астойидил меҳнат қилмоқда. 

2.jpg

1 046
Ў.БАРОТОВ,​ Ж.НОРҚОБИЛОВ​ (сурат), ЎзА