ЎзА Ўзбек

14.03.2019 19:59 Чоп этиш версияси

Деҳқончиликда замонавий ёндашувлар

Деҳқончиликда замонавий ёндашувлар

Экинлар ҳосилдорлигини оширишнинг анъанавий ва синовдан ўтган усуллари кўп. Лекин эндиликда бу борада тасаввуримизга сиғмайдиган муқобил янги ёндашувлар таклиф этилмоқда. Биз учун инновацион технологиялар сифатида намоён бўлаётган мазкур усуллар нечоғли ғайри табиийдек туюлмасин, улар деҳқончиликка оид дарсликларга ўзгартишлар киритиши аниқ. Янги ёндашувлар эксперимент эмас, балки кўп йиллардан буён ўзининг афзалликлари билан жаҳоннинг қатор мамлакатларида эътиборни тортиб келаётган тажрибадир.

Бухоро шаҳрида қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қурғоқчиликка чидамли экинлар уруғчилигини ташкил қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинар- тренингда шу ҳақда сўз борди.

Тегишли соҳалар мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор идоралар вакиллари иштирок этган тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонасининг ”Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

– Бир далага муайян экинни қайта-қайта экиш касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар тарқалиб кетишига, охир-оқибат ҳосилдорлик пасайиши ҳамда даромадларнинг камайишига сабаб бўлади, – дейди ФАОнинг қурғоқчилик бўйича эксперти, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Азиз Нурбеков. – Шунинг учун экинларни алмашлаб экишнинг аҳамияти катта. Лекин бизда бу ибора тилга олинганда, одатда, тўққиз йиллик ғўза (6 йил) – беда (3 йил) алмашлаб экиш схемаси тушунилади. Унинг фойдали жиҳатлари кўп. Аммо жаҳонда атиги бир йилда яхши натижа берадиган инновацион янгиликлар ҳам бор. 

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, бизнинг шароитда буғдойдан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида мош экиб мўл ҳосил олиш мумкин ва ундан кейин сидерат экинларини (рапс, перко ёки бошқалар) экиш тавсия этилади. Улар ерга ўриб ташланган майдонларда дарҳол ғўза уруғини ундирса бўлади. Нега десангиз, илдизи калта ва узун илдиз отадиган ўсимликлар, жумладан, дуккакли экинлар тупроқда азот тўпланиши, унинг ҳаво ҳамда сув сингишига имкон берувчи ғоваклилигини оширишга хизмат қилади.


Семинарда қайд этилганидек, анъанавий зироатчиликда ерни шудгорлаш агротехник тадбирларнинг асоси ҳисобланади. Лекин бугун жаҳонда тупроқни ҳимоялаш ва ресурс тежамкор деҳқончиликда янги технологик ёндашувлар қўлланилмоқда. Бу янгилик турли -туман ва ўзгариб бораётган агротехника усулларидан ташкил топган бўлиб, унинг асосий мақсади тупроқни кам “безовта” қилиш, яъни ерни тўғридан -тўғри ҳайдамасликдан иборат. У тупроқда нам қочишини ва озуқа моддалари йўқолишини камайтириш, даланинг ўсимлик қолдиқлари ёки ўсиб турган экинлар билан қопланишини таъминлашни назарда тутади.

ФАО маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда дунёдаги қишлоқ хўжалик майдонларининг 11 фоизи ҳайдалмай экилмоқда.

Албатта, суғориладиган ерларда ресурс тежовчи технологияларни жорий этишни бошлаш учун ерлар лазер билан текисланиши лозим. Яна бир жиҳат. Тўғридан тўғри экишда дала ўсимлик ва сомон қолдиқларидан тозаланмайди. Улар уруғ экадиган ва минерал ўғит киритадиган сеялкалардаги пичоқли диск – кескичда майдаланади ҳамда аста- секин парчаланиб, органик моддаларни бойитади. Қолаверса, майдаланган қолдиқлар тупроқда намни сақлаб қолиш билан бирга ернинг шўрланиш даражасини 1,5 -3 бараваргача пасайтиришда қўл келади.

Айтиш жоизки, тўғридан тўғри экиш амалиёти қўлланилган дастлабки йилларда технологик жараёнлар изга тушиш давомида ҳосилдорлик бирмунча пасаяди. Лекин тупроққа шудгорсиз уруғ ташлаш ва экишдан олдинги тадбирлар экиш муддатини қисқартириши, тупроқ намлигини буғланиши ва сув истеъмоли ва тупроқ эрозиясини камайтиради, шу ҳисобдан даромад ошади.

Албатта, экинлар ҳосилдорлигида навлар тўғри танланиши ва улар сифатининг аҳамияти катта. Шунинг учун ҳам илмий жиҳатдан асосланган уруғчилик ва навларни рўйхатга олиш қонун-қоидалари, талабга мос асбоб- ускуналар ва малакали ходимлар экин уруғларидан фойдаланишда муҳим жиҳатлардир.

Тадбирда сувдан тежамли фойдаланиш технологиялари, жумладан томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашда самарали препарат ҳамда биоусулларни қўллаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Деҳқончиликда жаҳон тажрибасида синалган янги ёндашувлар Бухоро вилоятида назарий тушунча бўлиб қолмайди. Семинарда таъкидландики, ФАО лойиҳаси доирасида вилоятдаги фермер хўжаликлари билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Бу ўзига хос мураккаб тупроқ структураси ва иқлимга эга вилоятда илғор технологик ёндашувларни жорий этиш тажрибасини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 896