Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 16:20 Чоп этиш версияси

Деҳқон учун масъулиятли палла

Деҳқон учун масъулиятли палла “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” давом этаётган айни кунларда Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари ҳам ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Пайариқ туманидаги “Нур Жаҳонгир агро” фермер хўжалиги аъзолари 30 гектар майдонда баравж ўсаётган ғўза ниҳолларига ишлов бериш, суғориш, турли зараркунандалардан асраш ва бошқа агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажаришга ҳаракат қилмоқда.

– Бу йил табиий иқлим ва тупроқ шароитимизга мос, серҳосил “Порлоқ” пахта навини экканмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Қўзибой Рўзиев. – Экин ривожи яхши. Ҳозирда ғўзани чеканка қилиш, қатор оралиғига ишлов бериш ва шарбат усулида суғориш ишлари бажарилмоқда. Пахтани темир пиширади, деган гап бор. Шу боис айни пайтда техникаларимиз туну кун далада. Мўл ҳосил етиштиришга ҳаракат қиляпмиз. Насиб этса, ҳосил 30 центнердан кам бўлмайди.

Фермер хўжалигида бугунги кунда 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Йиғим-терим пайтида эса қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезилади. Хўжалик раҳбарининг таъкидлашича, ҳар бир гектар майдонга уч нафардан теримчи жалб қилинади. Мавсум бошланишига ҳали фурсат бўлса-да, фермер маҳаллада яшовчи 70 нафар теримчи билан келишувга эришган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА