ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Даволаниш учун қайсини танлайсиз: давлат шифохонасиними ёки хусусий клиникаларни?

Даволаниш учун қайсини танлайсиз: давлат шифохонасиними ёки хусусий клиникаларни?

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида тиббиёт соҳаси йилдан йилга юксалмоқда.

Мазкур жараёнда хусусий тиббий муассасаларнинг иштироки, ўрни ва роли тобора ортиб бораётганлиги эътиборга молик.

photo5359641306328051425.jpg

Бу йўналишда Андижон вилоятида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бундан 15 йил муқаддам вилоятда 100 га яқин хусусий тиббий муассаса иш олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 541 тага етди. Биргина 2019 йилда 123 та янги хусусий тиббий муассаса ташкил этилди, 25 та муассасанинг фаолияти кенгайтирилди. Бунинг ҳисобига 1 минг 46 та янги иш ўрни яратилди. Ўтган йили хусусий тиббий муассасалар биноларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш, замонавий тиббий асбоб ва ускуналар харид қилиш учун 85 миллиард 583 миллион сўм маблағ сарфланди.

– Бугунги кунда вилоятдаги 541 та хусусий тиббий муассасасидан 370 тасида амбулатор, 171 тасида стационар шароитда 42 турдаги ихтисосликлар бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори бош мутахассиси Шуҳратбек Собиров. –Мижозларнинг келиб-кетиши, хасталикларни аниқлаш ва самарали даволаш, дори-дармон, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиши жиҳатидан хусусий тиббий муассасалар фаолиятини ижобий баҳолаш мумкин.

Андижон шаҳрида фаолият юритаётган “Соғлом турмуш” клиникаси вилоятдаги етакчи хусусий даволаш муассасаларидан бири ҳисобланади. Клиникада хасталикларни аниқлаш, даволаш ишлари намунали йўлга қўйилган. Айни кунда 16 нафар шифокор, 20 дан ортиқ ўрта тиббиёт ходими иш олиб бораётган клиникада терапея, эндокринология, неврология каби йўналишларда 20 дан ортиқ турдаги хасталиклар билан оғриган кишилар даволанади.

Шифохонада 50 нафар бемор бир вақтнинг ўзида стационар тартибда даволаниши мумкин. Хоналарнинг кенг, ёруғ, озода, юмшоқ ётоқ мебеллари, замонавий санузел билан жиҳозланганлиги ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ўтган йили муассасада 2 минг нафардан зиёд бемор даволанди.

– Даволанувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди шифохона бош шифокори Шукурилло Жалилов. – Шифохона лабораторияси турли таҳлиллар, жумладан, қон таҳлилини олиш имконини беради. Қолаверса, муассасада юқори технологияли ЭКГ, УЗИ, ЭХО, ЭЭГ, МРТ рақамли рентген, компьютер томография аппаратларининг, шунингдек, физиотерапевтик муолажага мўлжалланган тиббий жиҳозларнинг мавжудлиги нафақат даволанувчиларга қулайлик яратади, балки даволаш ишларининг самарали бўлишини таъминлайди.

photo5359641306328051433.jpg

Даволанувчиларнинг кўнгилли дам олишлари учун маънавият хонаси ташкил этилган, бадиий адабиётлар жамланган кутубхона, спорт зали мавжуд. Шифохона ошхонасида тайёрланадиган сифатли ва тансиқ таомлар мижозларга манзур бўлмоқда.

Қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, даволаш ишларининг самарали олиб борилаётгани туфайли ҳам мазкур шифохона доимо мижозлар билан гавжум. Бу ерда нафақат вилоят, балки мамлакатимизнинг барча вилоятларидан, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия давлатларидан ҳам фуқаролар келиб даволанмоқда.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда аҳоли саломатлигини тиклаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада яхшилашда хусусий тиббий муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Уларнинг фаолиятидан аҳоли жуда мамнун.

1 682
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА