ЎзА Ўзбек

23.09.2019 Чоп этиш версияси

Давлат тили ўн кунлигини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

Давлат тили ўн кунлигини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!

Жорий йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлади. Ушбу сана муносабати ҳамда ўзбек тилининг нуфузини жамиятда янада мустҳкамлаш мақсадида Ўзбек тили ва адабиёти университети, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият-маърифат маркази ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат тили ўн кунлигини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Ўн кунлик доирасида бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказиш режалаштирилган. Унда она тилимиз ривожига бефарқ бўлмаган кўплаб соҳа мутахассислари бу борада олиб бориладиган ишларни янги босқичга кўтариш учун ўз таклифларини бермоқда.

Ўзбек тилининг қадр-қимматини ошириш, ёш авлод қалбида она тилига муҳаббат туйғусини юксалтириш, давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлаш масалаларида тавсиялар ишлаб чиқиш бошланди. Ўн кунлик доирасида «йўл харитаси» ҳам белгиланди. Унга кўра, мазкур ишчи гуруҳ бу борада мунтазам иш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, uza.uz сайтида 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан туркум материаллар бериб борилмоқда. Жумладан, сайтимизда “Адабий тилни асраш учун унга қўриқчилар керак” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда пойтахтимиз кўчаларидаги эълон ва рекламалар, савдо шохобчалари пештоқидаги ажнабий сўзлар билан битилган номларини тилимизга катта ҳурматсизлик дея баҳолаб, журналист бу борада муайян тизим яратиш, яъни махсус ваколатли комиссия зарурлиги ҳақидаги таклиф билан чиққан эди. 

3 905
Барно Мелиқулова, ЎзА