ЎзА Ўзбек

12.09.2018 10:17 Чоп этиш версияси

Давлат солиқ қўмитасининг тарғибот гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлди

Давлат солиқ қўмитасининг тарғибот гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Мусаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлди.

Тарғибот гуруҳи Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони ҳамда солиқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.

Давлат солиқ хизмати органларининг шахсий таркиби билан бўлиб ўтадиган учрашувларда ҳар бир солиқ ходими ўз ишига виждонан ёндашиши, “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариши лозим. Ушбу масала солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Учрашувда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар, хусусан, солиқлар йиғилувчанлиги даражасининг ошишига салбий таъсир қилаётган ҳолатлар қайд этилиб, мазкур муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш юзасидан мутасадди ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Қумқўрғон туманида ўтказилган тадбирда вилоятнинг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Олтинсой ҳамда Жарқўрғон туманида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда солиқ ислоҳоти концепциясига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан эътиборан солиқ солиш тартибига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида фикр алмашилди.

– Мазкур тадбир солиқ тўловчиларга соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда солиқ маданиятини янада ошириш мақсадида ўтказилмоқда, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Б.Исмоилов. – Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни ўрганиб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилаётир.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Шеробод, Термиз, Бойсун, Қизириқ, Музработ, Ангор туманлари ва Термиз шаҳрида фаолият юритаётган 300 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди.

– Семинар давомида солиқ юкини камайтириш борасида берилаётган енгилликларни тинглаб, ўзимча ҳисоблаб кўрдим, – дейди “Сурхон Термиз Чинни” МЧЖ ҳисобчиси Н.Эшқобилова. – Корхонамизда 100 га яқин ходим фаолият юритади. Уларнинг иш ҳақидан жорий йилнинг 6 ойида 31,7 миллион сўм суғурта бадали ҳисобланиб, бюджетга тўланган. Концепцияга мувофиқ, суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида 2019 йилда ходимлар ихтиёрида 70 миллион сўм қолиши кутилмоқда. Бу ҳар бир ходимнинг ойлиги ўртача бир йилда 1 миллион сўмга ошади дегани. Берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, келгусида яна 100 га яқин иш ўрни яратмоқчимиз.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, айрим турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг бекор қилиниши ҳамда солиқ ставкаларининг пасайиши натижасида келгуси йилда Сурхондарё вилоятида 270 миллиард сўм маблағ тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қолади.

Дилноза Аллаярова,
Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва 
ҳуқуқий ахборот шўъбаси катта инспектори

4 724