ЎзА Ўзбек

20.04.2018 11:03 Чоп этиш версияси

Давлат органлари фуқаролар хизматида

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси Жомбой туманида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган “Ҳуқуқий ахборот кунлари” тарғибот тадбирларини ўтказди.

“Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилади” шиори остида ўтказилган уч кунлик тадбирлар давомида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва таълим муассасаларида бошқарма раҳбар ва ходимларининг аҳоли билан учрашувлари, давра суҳбатлари ташкил этилди.

– Тадбирларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, хонадонма-хонадон юришга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Самарқанд вилояти адлия бошқмармаси бошлиғи ўринбосари О.Тошниёзов. – Натижада 19 маҳалладаги 720 дан ортиқ хонадонга кириб, ҳуқуқий ахборот материаллари тарқатилди. Оила аъзолари билан суҳбатлашиб, уларга зарур ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари эшитилиб, 160 дан зиёд муаммолар аниқланди ва 41 та масалага жойида ечим топилди.

Ҳуқуқий ахборот кунларида фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 14 та сайёр суд мажлиси ўтказилди. Давлат нотариал идоралари ходимлари эса 10 та нотариал ҳаракатни қайд этди. Шунингдек, 14 та шаръий никоҳ ҳолати аниқланиб, бу оилалар никоҳини қонуний қайд этиш чоралари кўрилди. Етти нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, Катта қишлоқ маҳалласида яшовчи тўққиз нафар хотин-қиз тикувчилик корхонасига ишга жойлаштирилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 793